Ассалому алайкум, ҳурматли истеъмолчилар! Бугун 2021-2022 йилларда куз-қиш мавсумида энергетика соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга энергия ресурсларини тизимли равишда етказиб бериш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтамиз.
Электр энергетика соҳасида жорий йил якунига қадар умумий қуввати 1 минг 800 мегаваттга тенг бўлган иссиқлик ва қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттга етказилади. 2016 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи эса 52 фоизни ташкил қилади.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 240 мегаваттдан 2 та ва 230 мегаваттга тенг 1 та, Хоразм вилоятида 174 мегаватт, Бухоро вилоятида 270 мегаватт, Қашқадарёда 220 мегаватт қувватга эга иссиқлик электр станциясиялари, Навоий ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 100 мегаваттдан бўлган 2 та қуёш электр станцияси ишга туширилади.
Сурхондарё вилоятида 38 мегаваттга тенг “Зарчоб-2” ва Тошкент вилоятида 8 мегаваттга тенг “Камолот” гидроэлектр станциялари ишга туширилади.
Электр станцияларида олиб борилган модернизация ишлари натижасида “Сирдарё иссиқлик электр станцияси”нинг қуввати 150 мегаваттга, “Фарход гидроэлектр станция”сининг қуввати 13 мегаваттга оширилади.
Бунда ушбу янги барпо этилган қувватларда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 12 миллиард киловатт-соатни ташкил этади.
Шу билан бирга жами 26 минг 300 километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 9 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари график асосида мукаммал таъмирланади. Аҳамиятлиси жорий йилда ўтган мавсумига нисбатан 13 фоизга кўп тармоқлар ва 16 фоизга кўп трансформатор пунктлари таъмирланади.
Бундан ташқари, паст кучланишли тармоқларни модернизация қилиш дастури доирасида 15 минг километр электр узатиш тармоғи модернизация ва реконструкция қилинади. Бу ўтган йилга нисбатан 88 фоизга кўп. Шунингдек, 4 мингта трансформатор пунктлари модернизация ва реконструкция қилинади. Бу ўтган йилга нисбатан 43 фоизга кўпни ташкил қилади.
Ушбу чора-тадбирларни амалга оширилиши эвазига октябрь-март ойларида истеъмолчиларга жами 30 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади. Бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 2 миллиард киловатт-соатга кўпни ташкил қилади.
Шунингдек, жорий йилда истемолчиларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида 70 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланади, 83 километри реконструкция қилинади. 5 мингдан ортиқ газ тақсимлаш пунктлари 1 октябрга қадар мукаммал таъмирланади.
Денгизкўл конида йиллик қуввати 3 миллиард куб метр табиий газни қазиб олиш имконини берадиган компрессор станцияси ноябрь ойида ишга туширилади.
Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида, келаётган куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 28 миллиард 842 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 1 миллиард 185 миллион куб метрга кўпни ташкил қилади.
Табиий газ етказиб беришда ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш учун жорий йилнинг декабрь ойига қадар 3 миллион 546 мингта замонавий газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланади. Ҳозирда 1 миллион 172 мингта ҳисоблагич ўрнатилди, шундан 1 миллион 142 мингтаси биллинг тизимига уланди.
Шунингдек, жорий йилда аҳоли истеъмолчиларига 610 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ўтган йилга нисбатан 15 фоизга ва 2016 йилга нисбатан 2,4 бараварга кўпни ташкил қилади. Октябрь-март ойларида аҳоли истеъмолчиларига 318 минг 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.
Йил давомида ва келаётган куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларини энергия ресурслари билан белгиланган ҳажмларда таъминлаш учун барча имкониятлар сафарбар қилинади.