2019 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқининг ўзаро боғлиқлик масалалари бўйича элчиси Романа Влахутин билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ҳузуридаги миссияси берган маълумотига кўра, учрашувда томонлар мамлакатимиз энергетика соҳасидаги ислоҳотлар жараёнини батафсил муҳокама қилди. Романа Влахутиннинг таъкидлашича, ЕИ ушбу соҳадаги ўзгаришлар динамикасини қўллаб-қувватлайди.
Музокаралар якуни бўйича Европа Иттифоқи томонидан молиявий-грант ёрдами бўйича лойиҳа таклифлари тўплами шакллантирилди. У ўз ичига Ўзбекистон энергетика соҳасининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, мамлакатимизга етакчи европалик мутахассисларни йўллаш, таълим соҳасида биргаликда тадбирларни амалга ошириш каби йўналишларни қамраб олиши кутилмоқда.
Шу жумладан, истиқболли йўналишлар ва таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳни тузиш, хусусан, Энергетика вазирлиги корхоналарига маслаҳатчилар сифатида, шунингдек, раҳбарлик лавозимларига ўтиш давридаги энергетика соҳасини ислоҳ қилиш борасида тажрибага эга европалик экспертларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси матбуот хизмати билан хамкорликда