Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси Ўзбекистоннинг экологик тоза энергия соҳасидаги салоҳиятини ошириш бўйича асосий босқичлардан ўтмоқда
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “ACWA Power” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик туфайли 2020 йил март ойида имзоланган келишувлар ижроси доирасида Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни 2500 МВтга ошириш бўйича энергетика лойиҳалари ижроси йўлида учта асосий босқич амалга оширилди.
Қуввати 1500 МВт бўлган Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳасини бошлаш маросими икки мамлакат делегациялари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтиб, шундан сўнг иккита ЭСК ва Бухоро ва Навоий вилоятларидаги шамол электр станциялари бўйича Инвестициявий келишув имзоланди. Маросимда шунингдек Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “ACWA Power” компаниясининг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.
Мазкур учта лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг энергетик қувватларини талаб даражасида ошириш кафолати ҳисобланади, чунки 2030 йилга бориб электр энергияси истеъмоли 110 миллиард кВт соатга етиши кутилмоқда. Улар шунингдек, Ўзбекистонда энергия самарадорликни ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек энергетика секторида яқинда амалга оширилган ислоҳотлар доирасида қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича миллий дастур билан келишилади.
Алишер Султонов, Ўзбекистон Энергетика вазири:
“Қайд этилган босқичлардан ўтиш биз ўзимизга юклатилган мажбуриятларни бажараётганимиздан далолатдир. Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш маълум вақт давомида ишланмалар ва инвестициялар соҳасидаги кўплаб мақсадларга эришишни кўзда тутади. Режаларимизнинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистонга катта миқдордаги инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатимиз энергетик мақомини ошириш имконини беради. Вазирлик “ACWA Power” компанияси ва Саудия Арабистони делегациясига бошланган ишлар учун чуқур миннатдорлик изҳор этади. Биз узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилиш ниятидамиз”.
“ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян лойиҳа бўйича эришилган натижалар билан фахрланиб, қуйидагиларни қайд этди:
“Биз, Саудия Арабистонининг етакчи компанияси вакиллари Ўзбекистоннинг икки мамлакат ўртасидаги Ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги битимга мувофиқ энергетика тармоғини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли режасини амалга оширишда муҳим роль ўйнаётганимиз билан фахрланамиз. Бу йўлда биз бир жамоа бўлиб меҳнат қилаяпмиз, шу сабабли мен лойиҳа қурилиши бошланиши ва Ўзбекистон ҳукумати билан инвестициявий битимларни имзолаш маросимида иштирок этиб, бизга илтифот кўрсатган инвестициялар вазири Холид бин Абдулазиз Ал Фолиҳ ва Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Хишам Мишал Ал-Сувайлем бошчилигидаги расмий делегацияга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Бу Саудия Арабистони Қироллиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий алоқаларга раҳбариятимиз томонидан берилган юксак баҳо бўлди. Шунингдек, мен Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига “ACWA Power” компаниясининг арзон нархларда электр энергияси етказиб бериш борасидаги дунё тажрибасига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдираман, бу мазкур учта лойиҳа сабабли бизнинг мамлакатдаги иштирокимизни кенгайтириш имконини берди.
Сирдарё ИЭС қурилишига старт берилиши, ЭСК ва Ўзбекистоннинг паст даражали углеводород чиқиндили ресурслардан фойдаланишга ўтишида муҳим омил саналадиган Бухоро ва Навоий вилоятларидаги “Баш” ва “Жонкелди” шамол электр станциялари бўйича Инвестиция келишувларининг имзоланиши бизнинг энергетика тармоғини ислоҳ қилиш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантирилишини рағбатлантириш жараёнидан илгарилаб кетишга бўлган интилишимизни ифодалайди. Бу шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш, Саудия Арабистони Қироллиги ташқарисида хорижий инвестициялар ҳажмини максимал даражада ошириш ҳисобига биз Саудия Арабистонининг Нигоҳ – 2030 га риоя қилишимизни тасдиқлайди”.
Сирдарё ИЭС
Қуввати 1500 МВт бўлган Сирдарё ИЭС қурилишини бошлаш маросими тантанали руҳда ўтди. Умумий қиймати 1,2 миллиард доллар бўлган мазкур лойиҳанинг фойдали иш коэффициенти қарийб 60 фоизни ташкил этади. Бу эса бошқа электр станциялари билан таққослаганда ҳозирги вақтда электр энергияси ишлаб чиқариш учун истеъмол қилинаётган табиий газ миқдорини деярли икки баробар иқтисод қилиш имконини беради.
Лойиҳа реал вақт режимида ҳаво изоляциясига эга очиқ тақсимлаш қурилмаси орқали Ўзбекистоннинг миллий энергия тизимига узлуксиз электр энергияси узатиш ва куну-тун электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш учун дунё экспертлари томонидан лойиҳалаштирилган энг замонавий конструкцион ечимлар, эксплуатация ва назорат воситаларидан фойдаланишни кўзда тутади.
Бухоро ва Навоий вилоятларидаги шамол электр станциялари
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол электр станциялари бўйича Электр энергиясини сотиб олиш бўйича иккита келишувни имзолади.
Ўзбекистон Инвестициялар вазирлиги ва ACWA Power ўртасида иккита Инвестициявий келишув имзоланди.
Бухоро вилояти ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасида жойлашган “Баш” ва “Жонкелди” электр станцияларини қуриш лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этади. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш углеводород чиқиндиларини 1,6 миллион тоннага қисқартириш имконини бериши, шу билан бирга 2031 йилга бориб энергия қувватларининг 40 фоизини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш бўйича ҳукумат томонидан қўйилган мақсадларга эришишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Водород энергетикасини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси водород энергиясини ривожлантириш бўйича келишувларга эришди. Мазкур келишув Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда водород ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги илмий изланишлар орқали иссиқхона гази чиқиндиларини камайтириш бўйича ўз мақсадига эришишда биринчи қадамларини назарда тутади. Бу БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси доирасида Париж битимида ҳам таъкидланган.
“ACWA Power” компаниясига доир маълумотлар:
“ACWA Power” компанияси электр энергияси ва чучук сув ишлаб чиқариш бўйича ускуналарни ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишга ихтисослашган. “ACWA Power” компанияси 2004 йилда Ар-Риёд шаҳри (Саудия Арабистони)да рўйхатга олинган ва таъсис этилган бўлиб, ундаги ходимлар сони қарийб 3 500 нафарни ташкил этади. Халқаро ҳамкорлик эса ҳозирги кунда Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 12 та мамлакатини қамраб олган.
“ACWA Power” компанияси портфели инвестиция қиймати 61,2 миллиард АҚШ долларига тенг, суткасига коммунал хизматлар ва давлат-хусусий ҳамкорлиги моделлари аутсорсинги асосидаги узоқ муддатли офтейкер шартномалари доирасида давлат коммунал ва саноат корхоналари эҳтиёжларини қондириш учун улгуржи етказиб берилаётган 38,7 ГВт электр энергияси ва 5,8 миллион м3 чучук сув ишлаб чиқарадиган 60 та активни ўз ичига олади.
“ACWA Power” компаниясининг мақсади арзон нархларда узлуксиз электр энергияси ва чучук сув билан таъминлаш ҳамда шу тариқа жамият ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига самарали кўмаклашишдан иборат. Дунёнинг барча минтақаларида ўз фаолиятини ошириш асносида “ACWA Power” компанияси инсонлар хавфсизлиги ва унумдорлик сингари қадриятларга амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати