Бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Энергетика вазири Aлишер Султонов ва бошқа масъул мутахассислардан иборат делегация Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида барпо этилаётган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 13 майда “Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Франциянинг “Total Eren SA” компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда.
Ҳозирда кириш йўлларини қуриш ва ер майдонини текислаш ишлари бошланган. Электр тармоғининг қурилиш ишлари ҳамда лойиҳа ер майдонини тўсиқлар билан ўраб чиқиш февраль ойининг охирида якунланиши кўзда тутилган бўлиб, электр станцияси 2021 йилнинг тўрттинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган.
Мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилаётган электр станциясининг умумий ер майдони 353 гектарни, лойиҳанинг умумий қиймати эса 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва инвестор (Франциянинг “Total Eren SA”) томонидан 100 фоиз тўғридан-тўғри молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати