Бугун, 16 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Германиянинг SIEMENS AG мутасаддилари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Энергетика вазири Алишер Султонов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров, SIEMENS AG директори Кристиан Брух ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этдилар.
Учрашувда SIEMENS AG билан энергетика йўналишидаги ҳамкорлик, хусусан, иссиқлик электр станцияларини қуриш, водород ёқилғиси йўналишини ривожлантириш каби қатор соҳалардаги ҳамкорлик масалалари атрофлича кўриб чиқилиб, муҳокама этилди.
SIEMENS AG вакиллари ҳамда маҳаллий мутахассисларимиздан иборат ишчи гуруҳ ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ишлаб келмоқда ва бугунги учрашув ҳозиргача мавжуд ҳолатни кўриб чиқиб, истиқболдаги вазифаларни белгилаш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Қайд этилишича, юртимиздаги қатор вазирликлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги SIEMENS AG билан давлат хусусий шерикчилиги асосида муносабатга киришишга тайёр. Ҳамкорликдаги лойиҳалар фақат техника-технология киритиш ҳисобига эмас, балки биргаликда ишлаш асосида ривожланади. Зарур ҳолларда немис техникасига хизмат кўрсатувчи сервис марказлари очилади, маҳаллий мутахассислар ўқитилади.
SIEMENS AG билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги 4 та Иссиқлик станцияларини замон талаблари асосида янгилаш режалаштирилган бўлиб, бу лойиҳа Stone City иштирокида амалга оширилади.
Учрашувда энергетик барқарорликни ошириш, аҳолини узлуксиз электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш, бунга хизмат қилувчи масканлар ҳолати ва шароитини тўлиқ ўрганиб чиқиб, уларни босқичма-босқич замонавий талаблар асосида ишлатишга ўтказиш борасида фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоиз, SIEMENS AG муқобил энергия ва водород ёқилғисини ривожлантириш борасида ҳам етакчилардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан йиғилишда, бу йўналишларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболли эканлиги таъкидланиб, муҳокама этилган барча масалалар SIEMENS AG мутасаддилари билан имзоланадиган келишувларга киритилиши маълум қилинди.