Ўзбекистонда истеъмолчиларни юқори сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича доимий назорат ўрнатилган бўлиб, мунтазам равишда ўрганиш ишлари олиб борилади. Ўрганишлар жараёнида айрим автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан олинган автобензинлар давлат стандарт кўрсаткичларига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Импорт асосида кириб келаётган маҳсулотлар ҳалқаро стандартларга мувофиқ бўлиб, бундан ташқари давлат чегараларидан олиб киришда акредитациядан ўтган лабораторияларни хулосалари тақдим этилиши талаб этилади. Импорт автобензинларни сифатини бузилиш ҳолатлари баъзи нопок тадбиркорлар томонидан республика ҳудудида амалга оширишмоқда. Бу эса импорт маҳсулот дейилмайди.
Ўтган давр мобайнида олиб борилган текшириш ва ўрганишлар давомида сифатсиз автобензин ёқилғиси аниқланган ҳолларда ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириб келинган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларидаги нефть базаларда сифатсиз маҳсулотлар аниқланганлигини мисол қилиш мумкин.
“Ўзнефтгазинспекция” Назорат – кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари сифатининг назорати ва таҳлил қилиш йўлга қўйилган. Жумладан, 2021 йилнинг ўтган даврида фаолият кўрсатаётган 1 286 та хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳамда нефть маҳсулотларини савдоси билан шуғулланадиган 61 та йирик корхоналар назорат қилиб келинмоқда ҳамда мунтазам равишда улардаги автобензинларнинг сифат кўрсаткичлари таҳлил қилиб борилмоқда.
Мазкур давр мобайнида 1 608 та ҳолатда (22 668 тонна) нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинганида 94 та ҳолатда
(745 тонна) нефть маҳсулотлари сифатсиз эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, импорт асосида олиб келинган 44 855 тонна нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб лаборатория шароитида сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинганида, маҳсулотлар сифатли деб топилиб тегишли хулосалар берилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 5-6 та АЁҚШдан харид қилиб олинган автобензин ёқилғиси сифат кўрсаткичи белгиланган меъёр талабларига мувофиқ эмаслиги, бутун республикадаги автобензин ёқилғиларини сифатсиз эканлигидан далолат бермайди ва бу билан умумий хулоса қилиш нотўғри.
Жумладан, жорий йилнинг 22 апрель куни ижтимоий тармоқларда ёритилган видео лавҳада “Малибу-2” русумли автомашинани мотор двигатели ишдан чиққанлиги ва головка цилиндр қисми қора мой бўлиб кетганлиги ва бунга сабаб қилиб автобензин сифатсизлиги кўрсатилган.
Ушбу лавҳа бўйича мутахассислар билан олиб борилган суҳбатлар давомида, автобензин мотор қисмига келиб ёниш жараёнига қадар бир неча фильтрлардан ўтиши сабабли, ушбу носозлик автобензин сифатига боғлиқ бўлмаслиги таъкидланди.
Ўрганишлар давомида тайёр нефть маҳсулотлар таркибига “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилаётган пиролиз дистилляти қўшиш орқали сифат кўрсаткичлари бузилаётганлиги аниқланиб, бу бўйича қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилди.
Биржа савдолари орқали пиролиз дистилятини харид қилиб олаётган тадбиркорлик субъектларида қайта ишлаш технологиялари етарли даражада мавжуд эмаслиги боис, номувофиқ мақсадларда фойдаланаётганлиги аниқланмоқда.
Шу сабабли, пиролиз дистилятини йирик миқдорда харид қилган 7 та тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширишда, тайёр турдаги нефть маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари бузилиш ҳолатлари аниқланган ва текшириш натижалари бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
Шу билан бирга 1 та тадбиркорлик субъекти томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилганлиги сабабли лицензиясини бекор қилиш масаласи юзасидан судга даъво ариза киритилди.
Бундан ташқари, пиролиз дистилятини экспортга йўналтириш чораларини кўриш ёки ички бозорга сотишда ваколатли идораларнинг тегишли рухсатнома ва хулосаларига асосан ҳамда қайта ишлаш технологияларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига сотиш юзасидан “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚКга кўрсатма берилди.
Хозирги кунда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига автобензин етказиб бераётган айрим тадбиркорлик субъектларида маҳсулот сифатини бузиш ҳолатлари кузатилаётганлиги учун уларнинг фаолиятини текшириш юзасидан Вакил (Бизнес Омбудсман)га мурожаат юборилган.
Шунингдек, жорий йилнинг май ойида “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи”да амалдаги меъёрий ҳужжатларга риоя этилишини ўрганиш бўйича профилактик тадбир ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, истеъмолчиларни сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш борасида “Ўзнефтгазинспекция” томонидан доимий равишда назорат тадбирларини амалга ошириб келаётганлигини маълум қиламиз.
“Ўзнефтгазинспекция” Матбуот хизмати