Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқлар ва истеъмолчилар томонидан электр энергияси таъминотидаги узилишлар кузатилётгани тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу мурожаатлар юзасидан тушунтириш бериб ўтамиз.
Маълумки, жорий йилнинг 1 июндан 3 июнга қадар мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қаттиқ шамол эсиши натижасида дарахт шохларининг синиши ва айрим кўп қаватли бинолар том қисмининг кўчиши натижасида электр узатиш тармоқларининг шикастланишига олиб келди.
Бундан ташқари, шу кунларда ҳаво ҳароратининг исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда.
Ҳозирда ҳудудлар бўйлаб жойлардаги ҳудудий электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан аварияга қарши бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида иссиқлик электр станциялари, электр узатиш тармоқлари ва газ таъминоти тизимида модернизация ва реконструкция ишлари олиб берилмоқда. Ушбу ишларни хавфсиз бажариш мақсадида режа-график асосида электр ва газ таъминотини тармоқдан ажратган ҳолда амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлик масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.