Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги делегациясининг Японияга ташрифи натижасига кўра мамлакатнинг «Itochu Corporation» ва «Marubeni Corporation» каби етакчи компаниялари “Диспетчерлик маркази, мониторинг ва газ инфратузилмаси объектларини бошқаришни (SCADA) жорий этиш билан Ўзбекистон Республикасида газ узатиш тизимини модернизациялаш” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш борасида қизиқиш билдиргани муносабати билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилаётган “Ўзбекистон Республикаси газ узатиш тизимини модернизация қилиш лойиҳаси” тақдимоти ўтказилди. Япония компаниялари лойиҳанинг Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштириладиган биринчи босқичини амалга ошириш бўйича халқаро тендерда иштирок этиш истагида эканликларини, лойиҳанинг иккинчи босқичида эса Япониянинг имтиёзли молиялаштиришини жалб этиш билан қатнашиш фикрида эканликларини билдирдилар. Шунингдек, учрашувда лойиҳанинг иккинчи босқичини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида Япония компаниялари иштирокида лойиҳанинг иккинчи босқичини молиялаштириш ва амалга оширишни батафсил муҳокама қилиш мақсадида ишчи гурухлар ўртасида қўшимча учрашувлар ташкил этишга келишиб олдилар.