Таъкидлаш жоизки, гидроэнергетика соҳасида сўнгги уч йил мобайнида бир қатор йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилди. Соҳада янги ГЭСларни қуриш, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш борасида 30 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар асосида кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Хусусан, Тошкент вилоятидаги Туябўғиз кичик ГЭСи, Наманган вилоятида Катта Фарғона канали кичик ГЭСлар каскади, Жиззах вилоятида Зомин микро ГЭСи, Самарқанд вилоятида 5 микро ГЭСлар янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу кўрсаткичларни таҳлил этадиган бўлсак, биргина Андижон вилояти сув ресурсларига бойлиги билан гидроэнергетик салоҳияти жиҳатидан етакчи ўринларда туради.
Маълумки, Жанубий Фарғона канали юртимиздаги йирик магистрал каналлардан бири ҳисобланади. Ушбу каналнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида, ўтган асрнинг 50-йилларидан эътиборан унинг атрофида бир қатор гидротехник иншоотлар қурилган.
Ҳозирги кунда, вилоятда Андижон ГЭС-1, Андижон ГЭС-2, “Шаҳрихон ГЭСлари каскади” унитар корхонаси таркибига кирувчи 4 та ГЭС самарали фаолият юритиб келмоқда.
Ўтган йили каскад таркибидаги Жанубий Фарғона каналидаги ГЭС-1 (ЖФК ГЭС-1) модернизациядан чиқарилиб, янги қувватларда фаолиятини давом эттирмоқда.
Жорий йилда эса, каскад таркибига кирувчи Жанубий Фарғона каналидаги ГЭС-2 (ЖФК ГЭС-2)нинг модернизацияси амалга оширилди.
Бугун, 2020 йил 22 июль куни Жанубий Фарғона канали 2-ГЭСда олиб борилган модернизация жараёнлари якунлари ҳамда мазкур ГЭСнинг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маълумот учун, “Шаҳрихон ГЭСлари каскади” унитар корхонаси таркибидаги ЖФК ГЭС-2 Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида жойлашган.
1962 йилда бош тўғондан 1320 метр қуйида ЖФК ГЭС-2 ишлаб чиқариш биноси қурилиши бошланган ва 1966 йили тўлиқ ишга туширилган.
ГЭСда Россиянинг “Уралэлектроаппарат” заводида ишлаб чиқарилган бир дона гидрогенератор вертикал ҳолда ўрнатилган. ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 6,7 МВт ни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги ПҚ-2947-сонли Қарори ва Ҳукуматнинг қатор топшириқлари доирасида ЖФК ГЭС-2 да ҳам модернизация ишлари изчиллик билан олиб борилди. Модернизация ишларини бажариш учун Хитой Халқ Республикасининг “Power Construction Corporation of China” Ltd Бош пудратчи корхонаси билан шартнома имзоланди ҳамда ҳамкорликдаги технологик ишлар амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, модернизациядан сўнг ЖФК ГЭС-2 автоматик (ақлли) бошқарув тизими ҳамда 7,05 МВт қувват билан ишлайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу тизимли ва изчил фаолият келгусида халқ фаровонлиги, иқтисодиёт секторлари ривожи, аҳоли хонадонлари ёруғлигининг муҳим омилларидан бири сифатида қайд этилиши, шубҳасиз.