Жорий йилнинг 20 август куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкентда Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маросимда нуфузли халқаро ташкилотлар ва энергетика соҳаси вакиллари, маҳаллий давлат идоралари, вазирлик ва соҳа ходимлари иштирок этдилар. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.
Айни кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Ҳозирга қадар республикамизнинг 70 дан ортиқ туман ва шаҳарларида 3,6 миллиондан зиёд истеъмолчи хонадонларига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди. Таҳлил натижалари ушбу тизимнинг синов лойиҳасини амалга ошириш давомида истеъмолчилардан фойдаланилган электр энергияси учун ҳақ тўлаш даражаси 99 фоизгача ўсганлигини кўрсатди.
Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланади. Шу билан бир қаторда дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шакилллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжуд.
Бундан ташқари, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга оширади.
Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси томонидан ушбу марказга Корея, Хитой, Сингапур ва АҚШ каби дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари билан таъминланган.
Марказда ўрнатиладиган дастурий таъминот 8,0 млн. истеъмолчини улашга мўлжалланган, келгусида истемолчилар сонини 20,0 млн.га етказиш имконияти мавжуд.
Шунингдек, аввалги дастурдан фарқли равишда ушбу дастурий таъминотга энергообъектларни (нимстанциялар, электр станциялар) ҳам улаш имкони яратилади. Бугунги кунда Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кичик марказлар қурилган бўлиб, Самарқанд вилоятидаги сервер захира (Back-up) сифатида фойдаланишга топширилди.
Маълумот ўрнида: 2019 йил 17 январь Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ташкил этиш бўйича “KT Corporation” компанияси ҳамда “Ўзбекэнерго” АЖ ўртасида қўшимча келишув битими имзоланган. 2019 йил 6 ноябрида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда молиявий ҳамкор Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирокида марказ бинонисининг ички қисмини тўлиқ реконструкция қилиш ва сервер қурилмаларини ўрнатиш ҳамда ҳудудларда ўрнатилаётган электр энергияси ҳисоблагичларини маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказига интеграция қилиш ишларига старт берилган эди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати