"Ҳудудгазтаъминот" АЖ тизимидаги "Ҳудудгаз метрология" филиали, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси вакиллари билан биргаликда Фарғона вилоятида оҳак ва бошқа турдаги қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг (АЁҚШ) текшируви ташкил этилди. 10 кун давом этган ўрганишлар давомида вилоятдаги 15 та ишлаб чиқариш объектларида қўпол қонунбузарликлар ва 1 миллион 353 минг кубометрдан ортиқ газни ўғирлаш ҳамда газни ҳисобга олишдаги қонун бузилишлари билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди. Газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори эса 1 миллиард 350 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.
Таъкидлаш жоизки, Президентнинг 6010-сонли Фармонига биноан "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда ўғирлик, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш фактларини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш каби устувор вазифалар белгилаб қўйилган.
Юқорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, ишлаб чиқариш объектлари газ таъминоти тизимидаги қонун бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича босқичли текширувлар бошланди. Таҳлил натижаларига кўра, баъзи виждонсиз улгуржи истеъмолчилар газ ҳисоблагичларининг ҳақиқий кўрсаткичларини ўзгартириш учун турли хил ҳийла-найранглардан фойдаланиб келганлар.
Табиий газдан фойдаланишдаги қонун бузилишларининг асосий қисмини умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига рухсатсиз уланиш, ҳисоблаш ускуналарига, уларнинг муҳрларига қасддан зарар етказиш, шунингдек, улардаги кўрсатгичларни ўзгартириш учун рухсатсиз таъсир ўтказиш кабилар ташкил этади.
Агар аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, "Қўқоншаҳаргаз" инспектори 2020 йилнинг 24 август куни газ ҳисоблагич кўрсаткичларини текшириш учун оҳак ишлаб чиқарувчи "Оҳак Микс" МЧЖга келади. Корхона раҳбарияти газ таъминоти бўйича шартномада ҳисоблагич кўрсаткичларини тўсиқсиз текширишни назарда тутувчи банд шартларини қасддан бузган ҳолда, корхона фаолияти тўхтатилганлигини важ қилиб, газ таъминоти ташкилоти инспекторига газ ҳажмини қайд этишга рухсат бермайди. Бироқ, "Ҳудудгаз" метрология филиали ва "Ҳудудгаз Фарғона" газ таъминоти филиали ходимлари билан биргаликда ўтказилган текширув давомида истеъмолчи ўзбошимчалик билан 140 тонналик оҳак печини лойиҳасиз қуриб олгани ва табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди. Шу билан, мазкур истеъмолчи қўшимча 419 минг кубометрдан ортиқ газ сарфлаб юборган.
Яна бир ҳолат. Вилоятнинг Ўзбекистон тумани "Қоратепа" қишлоғида жойлашган " Kokand Higher Lime " оҳак ишлаб чиқариш цехида газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан TDS-80/400 газ ҳисоблагичининг ишлашига ноқонуний техник аралашувлар аниқланди, бу эса ундаги кўрсаткичлар ноаниқ бўлишига олиб келган. Бундан ташқари, цехда ҳисобга олинмаган иккита оҳактош печидан фойдаланилаётгани аниқланди. Текширилганда уларда 82 та ностандарт горелкалар ўрнатилгани аниқланди. Тузилган баённомага кўра, мазкур цех томонидан ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 869 минг кубометрдан ошди.
Ҳудди шундай қоидабузарликлар Қува вилоятидаги "Қува оқтош КУББО" МЧЖ, Ўзбекистон вилоятининг "Янгиқишлок" қишлоғида жойлашган "Извест белоснежная" МЧЖда ҳам қайд этилган. "Тўлаш" аҳоли пунктида жойлашган "Акода" (Н.Расулов) ва "Ахрор Аббос келажаги" МЧЖларидаги газ ҳисоблагичларида мажбурий муҳрланиши керак бўлган жойларда махсус муҳрлар йўқлиги ва Қувасойдаги "Муҳаммад Азизбек" ва "Обод фаёз қурилиш сари" хусусий корхоналари газ ҳисоблагичларида манипуляция ўтказиб келганликлари аниқланди. Бундан ташқари, ўлчаш мосламаларининг рухсат этилган иш кўрсатгичидан пастлиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқлангани сабабли, Учкўприк туманидаги "Долина Гранд" ва "ДEО Текстиль" МЧЖлар, Фарғонадаги "Қувасой наслли парранда" масъулияти чекланган жамиятлари ва бошқаларда газ ҳажми қайта ҳисоблаб чиқилди.
Умуман олганда, юқорида қайд этилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қиймати 1 миллиард 353 миллион сўмдан ортиқ бўлган 1 миллион 353 минг кубометрдан зиёд табиий газни ҳисобга олмай истеъмол қилишга йўл қўйилди.
Текширувлар Фарғона вилоятидаги АЁҚШларда ҳам ўтказилди. "Ўзстандарт" агентлигининг "Ўзбeкистон миллий мeтрология институти" ДК Фарғона филиали ва "Ҳудудгаз метрология" филиали вакиллари томонидан "Фарғона марказий метан" АЁҚШда (вакиллар иштирок этган) ўтказилган навбатдаги текширувда "AutoPILOT PRO" газ ҳисоблагичи кўрсаткичларни сезиларли даражада паст ва ортиқча ҳисоблагани аниқланди. Шу сабабли, ушбу газ ҳисоблагич ишлатишга яроқсиз деб топилди ва истеъмолчига ўлчов воситасининг яроқсизлиги тўғрисида хабарнома берилди. Қайта ҳисобланган газ ҳажм 398,2 минг кубометрни ташкил этди.
Шунингдек, "Трасса газ капитал-1" ва "Трасса газ капитал-2" АЁҚШлардаги газ ҳисоблаш мосламалари маълум соатларда газнинг ҳароратини рухсат этилган кўрсатгичдан юқори яъни, 60-70 °C ўрнатиб олинган. Ушбу давр учун "Трасса газ капитал-1" АЁҚШда қайта ҳисобланган газ ҳажми тахминан 71,5 минг кубометрни, "Трасса газ капитал-2" АЁҚШда эса 50,8 минг кубометрни ташкил этди.
Бундан ташқари, "Шафов МС" АЁҚШга тегишли ўлчов мажмуасини текширилганда, газ ҳисоблагичга таъсир қилиш мумкин бўлган жойда муҳр бузилганлиги аниқланиб, ушбу факт бўйича истеъмолчи иштирокида далолатнома тузилди.
Кўрсаткичларни қайд этиш, муҳрлар бутунлиги ва газ ҳисоблагичларининг техник ҳолатини текшириш бўйича белгиланган тартиб мавжуд бўлишига қарамай, ишлаб чиқариш объектларига келган инспекторларга вазифаларини бажариш учун турли хил тўсиқлар яратилиши, ўз номларига нисбатан норозилик ва маънавий-руҳий босим кўрсатилиши каби ҳолатлар ҳам мавжуд эканлиги аниқланди.
Қайд этилган қонунбузарликлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди. Шу каби бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича текширувлар эса давом этмоқда. Белгиланган тартибларни четлаб ўтиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этган "Ҳудудгаз Фарғона" ГТФнинг мансабдор шахсларига нисбатан, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ раҳбарияти томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилади.
Фурсатдан фойдаланиб, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ истеъмолчилардан қонун талабларига риоя қилишни сўрайди. Чунки бугунги замонавий технологиялар барча камчиликларни аниқлашга имкон яратиш билан бир қаторда, газ истеъмоли ҳамда ҳисобга олиш тизимида содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларни яширилишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, ностандарт газ ускуналаридан фойдаланиш ва объектни газ билан таъминлаш бўйича лойиҳадан четга чиқишни олдини олиш, энергия ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун энергия тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати