Жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов МАГАТЭ Бош директори ўринбосари ва Кафолатлар департаменти раҳбари Массимо Апаро бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
2019 йил август ойида Ўзбекистонда МАГАТЭ билан ҳамкорликнинг 25-йиллиги кенг нишонланди. Мазкур ҳамкорлик 2018 йилда Ўзбекистонда атом энергиясидан фойдаланиш ва Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом”) ташкил этилганидан буён янги босқичга кўтарилди.
Жаноб Апаро хавфсизлик масалалари бўйича МАГАТЭ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро самарали алоқалар мавжудлигини ва ядровий дастурни ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинишини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатнинг мажбуриятлари янада ошишини таъкидлади ва бунинг учун семинарлар ташкил этиш ва кадрлар тайёрлаш орқали тўлиқ ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. МАГАТЭ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
МАГАТЭ делегацияси Ўзбекистоннинг ядро технологияларини ривожлантириш борасидаги сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигига ишонч билдириб, бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва қадамларни алоҳида таъкидлади.
«Биз МАГАТЭ билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муносабатларини юксак қадрлаймиз ва уни келгусида янада кенгайтириш ниятидамиз», - дея таъкидлади учрашув чоғида А.Султонов.
Шунингдек, Ўзбекистон мамлакатда ядро энергияси бўйича миллий дастурни ишга тушириш билан барча халқаро мажбуриятларни бажаришга интилаётгани қайд этилди.
Хусусан, мамлакатимизда илк атом электростанцияси қурилиш лоихаси доирасида МАГАТЭ билан мазкур лойиҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида яқин ҳаморлик йўлга қўйилди.
Лойиҳага алоқадор “Ўзатом” агентлиги, вазирлик ва идоралар ходимлари МАГАТЭ томонидан Вена шаҳридаги штаб-квартирада, шунингдек АҚШ, Россия, Руминия, Чехияда ва бошка мамлакатларда ташкил этилган ўқув семинарлари ва тренингларда иштирок этди. Семинарлар ва тренинглар АЭС қурилиши учун жой танлаш ва уни қуриш, ядро соҳасига доир қонунчиликни ривожлантириш, объектларни физик жиҳатдан ҳимоя қилишни таминлаш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа қатор йўналишлар билан боғлиқ масалаларга бағишланди.
МАГАТЭ билан техник кооперацияда 2022-2023 йилларга мўлжалланган кадрлар салоҳиятини ошириш ва қурилиши режалаштирилаётган атом электростанцияси учун ядро инфратузилмасини яратиш бўйича дастур ишлаб чиқилди.
Қайд этиш жоизки, Тошкентга ташриф асносида МАГАТЭ делегацияси шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтида бўлди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев билан учрашув ўтказди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов билан музокаралар ўткизилиб, ядро материаллари кафолатлари масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати