Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция”га белгиланган вазифалар доирасида қуйдаги ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Республика бўйича 152 та объектларда нефть маҳсулотлари ва табиий газдан самарали фойдаланиш холатлари ўрганилди. Ўрганишлар натижасида жами 18 млрд 267 млн сўмлик 12 минг тонна нефть маҳсулотлари ва 42 млрд сўмлик 102 млн метр куб табиий газ манбалари аниқланган. Ўтказилган текшириш натижалари бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
Бундан ташқари, “Ўзнефтгазинспекция”, Республиканинг барча ҳудудларида улгуржи истеъмолчиларни амалдаги “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”га риоя этилиши юзасидан, доимий равишда газтаъминот корхоналари ва ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари билан хамкорликда назорат ишларини олиб бормоқда.
Ушбу назорат ишларидан асосий мақсад, Республикамиз истеъмолчиларининг, хусусан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини бир меъёрда табиий газ билан таъминлашга қаратилган.
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш ва профилактик ёрдам бериш сифатида, “Ўзнефтгазинспекция” томонидан бевосита Энергетика вазирлиги рахбарлиги остида 2019 йилда 3 турдаги Услубий қўлланма ишлаб чиқилди ва 1700 дан ортиқ тадбиркорлик суъбектлари ва 450 тага яқин соҳа корхоналарига электрон ва қоғоз нусхалари тарқатилди.
Ушбу Услубий қўлланмаларда Республикамизда табиий газдан фойдаланиш бўйича амалда бўлган ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар, жумладан Президент ва Ҳукумат қарор ҳамда фармонлари бўйича батафсил тушунтиришлар берилган.
Гуруч курмаксиз бўлмайди деганидек, олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан тартибли истеъмолчилар билан бир қаторда Ҳалқ мулкига кўз олайтирадиган, амалдаги Қонун ва бошқа меъёрий ҳужжжатларни ҳурмат қилмайдиган истеъмолчилар ҳам учраб турибди.
Ушбу истеъмолчилар табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб ноқонуний даромад олиш билан шуғулланиб келмоқдалар.
Табиий газ Давлатимизнинг миллий бойлиги бўлиб, уни истеъмолчиларгача етказиб беришгача бўлган технологик жараён ҳам ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлардан иборат бўлиб, бу жараёнга минглаб инсонларнинг ҳалол меҳнати синган.
“Ўзнефтгазинспекция” ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда улгуржи истеъмолчилар томонидан Республика бўйича 2 183 та ҳолатда 62 млн. метр кублик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш орқали Давлат манфаатларига 62 млрд. сўмлик зарар етказилган.
Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, асосан Навоий вилоятида 408 та ҳолатда 6,6 млрд. сўмлик, Тошкент вилоятида 330 та 18,0 млрд. сўмлик, Андижонда 198 та 2,9 млрд. сўмлик, Хоразмда 177 та 3,3 млрд. сўмлик, Қашқадарёда 146 та 2,9 млрд. сўмлик, Самарқанда 52 та 4,4 млрд. Сўмлик ва Тошкент шаҳрида 33 та ҳолатда 12,0 млрд. сўмлик табиий газ талон-торож қилинган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан газтаъминоти корхоналари томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган ва зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу ноқонуний ҳолатлар асосан, ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бўлган истеъмолчилар томонидан содир этилмоқда. Мисол учун:
- Оҳак ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 41 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва Давлат манфатларига етказилган зарар миқдори 8,8 млрд. сўмни ташкил этган;
- Иссиқхона хўжаликлари томонидан 42 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва Давлат манфатларига етказилган зарар миқдори 3,1 млрд. сўмни ташкил этган;
- Ғишт ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 6 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва Давлат манфатларига етказилган зарар миқдори 1,4 млрд. сўмни ташкил этган;
- АГТКШ томонидан 11 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва Давлат манфатларига етказилган зарар миқдори 21,8 млрд. сўмни ташкил этган.
Президентимизнинг 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сонли қарори ижроси бўйича, Республикада фаолият кўрсатаётган пишган ғишт, оҳак, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни энергия тежамкорлик мезонлари ва меъёрлари юзасидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.
Ушбу меъёрий ҳужжатга асосан Республика бўйича 308 та пишган ғишт, 184 та оҳак, 23 та цемент ишлаб чиқариш корхоналари хатловдан ўтказилди ва уларнинг энергия самарадорлик меъёрларига баҳо берилди.
Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги ПҚ-4779-сонли қарори ижроси бўйича, 2020-2022 йилларда республика бўйича иқтисодиёт тармоқларининг умумий ҳажми
2 000 тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки 1000 тонна мотор ёқилғисига тенг ресурсларни сарфлайдиган 25 та вазирлик ва идоралар рўйхати шакиллантирилган.
Ушбу тасдиқланган рўйхатга 2020 йил давомида жами 981,7 млн. м3 табиий газ ҳамда 5 483,1 тонна нефть маҳсулотларини тежаш белгиланган.
Жорий йилнинг ўтган мобайнида режа бўйича 674,3 млн. метр куб табиий газни ҳамда 3 238,4 тонна нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда 1029,6 млн. м3 (152,7 %) табиий газ ҳамда 3 806,7 тонна (117,5 %) нефть маҳсулотлари иқтисодига эришилди.
Республика ҳудудларида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш борасида Энергетика вазирлиги Штаби аъзолари билан биргаликда Республиканинг барча ҳудудларида энергетика соҳаси объектларини ва йирик табиий газ истеъмолчиларни газдан фойдаланиш ҳолатлари ўрганиб чиқилди ва ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўрганиш натижаси бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, Штабнинг жойлардаги сайёр йиғилиш баёнлари билан расмийлаштирилган ва ижроси назоратга олинган.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция”