Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 11 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, 11 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 227 миллион 500 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 216 миллион 800 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, 11 декабрь куни ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга жами режалаштирилган 94 миллион 696 минг куб метр ўрнига амалда 107 миллион 360 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шу билан бирга, аҳоли истеъмолчилари 2 минг 110 тонна суюлтирилган газ билан таъминланди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 11 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан ҳудудларга 12 минг 786 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар номинал қувватда ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари прогноз режимларда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича истеъмолчилар томонидан келиб тушган мурожаатлар акциядорлик жамиятлари ва уларнинг ҳудудий ташкилотларининг масъул раҳбарлари томонидан тезкор равишда ижобий ҳал этилди.
11 декабрь куни соат 11:00 дан 13:00 га қадар Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани “Шўрчи” газ тақсимлаш станциясида ўрнатилган 5400 м3/соатлик диафрагмани 8000 м3/соатлик диафрагмага алмаштириш вақтида тумандаги 2 596 та аҳоли хонадони ва 82 та улгуржи истеъмолчининг газ таъминоти тўхтатиб турилган.
Шунингдек, соат 15:00 дан 17:00 гача Бухоро шаҳридаги юқори босимли газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати бартараф этилган. Бу даврда Бухоро шаҳрининг 4 та маҳалласи ҳудудларида табиий газ таъминоти тўхтатиб турилган. Кеча соат 21:00 ларда Когон-Газли магистрал газ қувурининг 1-тармоғи 90-км.да қувурнинг тешилиши аниқланган. Қувурнинг 22-15 км. участкаси тўхтатилиб, соат 00:20 да қувурдаги газ чиқариб юборилган, соат 01:20 да авариявий тиклаш ишлари якунланган ва 03:00 да қувурни ишга қўшилган ва соат 04:30 да ўрнатилган иш режимига чиқарилган.
“Ҳудудгаз Пойтахт” ГТФ томонидан Олмазор туманининг Файзибаланд кўчасида қурилиши тугалланган мактабгача таълим муассасасини газ тармоғига улаш мақсадида 12 декабрь куни соат 10:00 дан 17:30 га қадар Минор кўчасида жойлашган 108 мм. ли ер усти газ қувурини тўхтатилиши белгиланган. МТМни тизимга улаш даврида газ тўхтатилиши тўғрисида Қорасарой маҳалласида кўп қаватли уйлардаги 295 та квартира, 50 та ерли хонадон ва 5 та улгуржи истеъмолчи огоҳлантирилган.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишларини сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.