Жаҳон ҳамжамияти аллақачон ёқилғи-энергетика заҳиралари чексиз эмас деган хулосага келиб бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мутахассисларнинг фикрича, яқин кунларгача табиий газ ақл бовар қилмайдиган даражада ишлаб чиқарилган ва уни қазиб олиш жараёни ҳам унчалик оғир бўлмаган: қудуқларнинг чуқурлиги таҳминан 1000-1500 метрни ташкил этган ва ресурслар табиий равишда олинган.
Ҳозирги вақтда "зангори ёқилғи" конлари 4000 метрдан кўпроқ чуқурликда жойлашган ва ишлаб чиқариш жараёни кўп ҳолларда механик ёки газ тортиб олувчи ускуналари ёрдамида амалга оширилади. Буларнинг барчаси экологияга ва табиий газнинг тан нархига таъсир этмай қолмади. Мазкур табиий ресурсни арзон нархдалиги ҳамда энергия тежамкор технология ва ускуналарни қўлламасдан, ўйламай ёқиб юборилиши иқлим ўзгариши, шунингдек, атмосферага чиқаётган зарарли иссиқхона газлари миқдори кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолди.
Бугунги кунда барча мамлакат олимлари ушбу муаммонинг ечими ҳақида қайғурмоқдалар. Бунинг йўлларидан бири эса шубҳасиз, энергия манбаларидан оқилона фойдаланишга йўналтирилган янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишдир. Бу билан боғлиқ жараён вақт ўтгани сайин такомиллаштириб, атмосферага чиқиндиларнинг камайишига эришилмоқда. Ҳақиқий сарф-харажатларни аниқлашнинг асосий кўрсатгичи, уларнинг ишончли ҳисоби юритилиши ҳисобланади. Тежамкорликка эришиш ҳамда йўқотишларни камайтириш йўлидаги биринчи қадам бу - аниқлик даражаси юқори бўлган ҳисоблаш воситаларини жорий этиш эканлигини энергия етказиб берувчилар ва истеъмолчилар англаб етишган. Бундан ташқари, инновацион технологиялар асрида ушбу ҳисоб тизимини автоном ва реал вақт режимида масофадан бошқариш имконияти мавжуд.
Халқаро амалиётда ўлчаш, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш босқичида инсон омили ва унинг иштирокини минималлаштирадиган тизимларни жорий этиш бўйича бой тажриба мавжуд. Шу билан бирга, энергия етказиб берувчиси ҳамда истеъмолчиси томонидан ҳам ишончли, аниқ ва тезкор ҳисоби таъминланади. У дунёнинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам жорий этилмоқда. Ва бу - табиий газнинг назорат қилишнинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими (АСКУГ) деб номланади, у амалда "on-line" ва "off-line" режимларида ишлайди.
Хусусан, ARAD (Исроил) барча турдаги энергия манбаларини тижорий ҳисобини юритиш, назорат қилиш ва бошқариш тармоқларида инновацион технологияларни қўллашга ихтисослашган компаниялар гуруҳи ҳисобланади. Улар энергия манбалари тармоғини бошқаришнинг симсиз тармоқ технологияси Dialog 3G таклиф қилишади. Ушбу ишлаб чиқарувчининг ускуналари АҚШ, Буюк Британия, Италия, Испания, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, Сингапур, Россия, Қозоғистон, Грузия ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги юзлаб шаҳарларида уй-жой коммунал хўжалигида кенг қўлланиб келинмоқда.
Масалан, АҚШда тижорий ҳисоблаш оператори - Master Meter Operator, радио алоқа каналлари орқали маълумот узатиш учун газ ва сув ҳисоблагичларини таклиф қилади. Россия Федерациясида маҳаллий газ ҳисоблагичларидан маълумотни автоматик йиғиш учун EuroTRACE стационар тизимини жорий қилиш тажрибаси мавжуд. Маълумотлар аввал узатгичлардан радиоканал орқали концентраторга, ундан GPRS орқали маълумотларни йиғиш серверига узатилади.
Юқоридагилар билан бир қаторда, дунё тажрибасида "off-line" режимида олдиндан тўлов киритиш имконини берувчи қурилмага эга бўлган газ ҳисоблагичлари тизимини жорий этилиши ҳам кенг тарқалган. Бу истеъмолчиларда смарт-карталар учун махсус қабул қилгич билан жиҳозланган ҳисоблаш мосламалари мавжудлигини англатади. Ижобий балансга эга бўлган смарт-карта ҳисоблагичи қабул қилувчига жойлаштирилган бўлса, қурилма истеъмолчига газдан фойдаланишга имкон беради. Агар баланс нолга тушиб қолса, газ таъминоти автоматик равишда тўхтаб қолади.
"Зангори ёқилғини" етказиб бериш учун аванс тўловига асосланган тизим Буюк Британия, Белгия, Украина, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда қўлланилади. Хусусан, Озарбайжонда смарт-карталардан фойдаланган ҳолда 1,4 миллионга яқин ўлчаш мосламалари ўрнатилган.
Испаниянинг Telefonica телекоммуникация оператори ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилга келиб Европада янги авлод ўлчов воситаларининг кириб келиш даражаси 85% га етади. Бу йил "ақлли" ҳисоблагичларнинг энг кўп сони Хитойда (тахминан 250 миллион), Буюк Британияда (53 миллион), сўнгра Япония, Франция ва Италия каби давлатларда ўрнатилади.
Ўзбекистон ҳам замон талабларига мувофиқ, газ таъминоти тизимида энг илғор технологиялардан фойдаланишни жорий этиш йўлидан кетмоқда. Хусусан, жорий йилда реал вақт режимида ишлайдиган газни бошқаришнинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини кенг жорий этиш бошланади. Бу табиий газни тўлиқ, аниқ ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, шунингдек, табиий газ таъминотидаги йўқотишларни камайтириш ва истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини оширишга хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда АСКУГ тизимини жорий этиш 5 босқичдан иборат бўлиб, улардан учтаси газтранспорт тизимига тадбиқ этилган. Бунинг натижасида, табиий газни ташиш ва етказиш назорати таъминланди. Айни дамда, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ улгуржи истеъмолчилари (юридик шахслар ) ва аҳолини қамраб олувчи тўртинчи ва бешинчи босқичга чиқмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида, 3,5 миллиондан ортиқ "ақлли" газ ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган.
Кейинги нашримизда АСКУГ тизимини Ўзбекистонда жорий этишнинг молиявий, техник ва ижтимоий жиҳатлари ҳақида маълумотлар тақдим этилади.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати