ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ: МАҚСАДЛАР, ВАЗИФАЛАР, РЕЖАЛАР ВА ЮТУҚЛАР
Замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири кўп жиҳатдан энергия хавфсизлигига эришиш билан боғлиқ бўлган мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасини 2017 – 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш мамлакат ривожланишининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўзда тутилган. Кучли энергетика сиёсати миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш учун замин яратади. Шу муносабат билан ҳозирги вақтда ёқилғи-энергетикадек иқтисодиётнинг етакчи соҳасида таркибий ўзгаришлар, модернизация ва диверсификация жараёнлари давом этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 01.02.2019 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика соҳасини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5646-сонли қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ташкил этилиши ушбу йўналишда муҳим қадам бўлди.
Энергетика вазирлиги электр ва иссиқлик энергиясини, кўмирни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек нефть, газни қазиб олиш, уларни қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, сотиш ва улардан фойдаланиш жараёнларини давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширади. Энергетика вазирлиги олдига бир қатор, вазифалар қўйилган:
- энергетика соҳасини мувофиқлаштириш;
- маҳсулот тақсимоти бўйича битимлар тузиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
- энергия манбаларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий капитални жалб қилиш;
- ДХШни (давлат-хусусий шериклиги) ривожлантириш;
- рақобатбардош бизнес муҳитини шакллантириш, энергия манбаларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва диверсификация қилиш мақсадида тариф сиёсатини такомиллаштириш;
- энергетика соҳасида замонавий корпоратив бошқарувни, шу жумладан, Жаҳон банкининг ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришни назарда тутувчи таклифини ҳисобга олган ҳолда жорий этиш.
Қандай ишлар амалга оширилди?
Мамлакат Президентининг ташаббуси билан энергетика соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида “Ўзбекэнерго” АЖда тубдан қайта қуриш амалга оширилди.
“Ўзбекэнерго” АЖ негизида учта: “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Ушбу қайта ташкил этишдан мақсад электр энергиясини ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтишдир.
2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги, шунингдек, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши мамлакат электр энергетикаси соҳасида муҳим қадам бўлиб, бу қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш учун ҳуқуқий асос яратади.
Энергетика вазирлиги томонидан 2019–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида Қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди.
Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари (Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт Банки)нинг техник кўмаги билан мамлакатни 2020 – 2030 йилларда ёқилғи ва энергия билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқилди.
Халқаро консултант – “MottMacDonald” (Буюк Британия) билан биргаликда Ўзбекистонда электр энергиясини, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини узоқ муддатли ривожлантириш бўйича бош режа (MasterPlan) ишлаб чиқилди.
Шунингдек, нефть ва газ тизимини кенг миқёсда қайта ташкил этишнинг энг муҳим жараёни бошланди. Бу борада, биринчи навбатда, “Ўзбекнефтгаз” таркибидан чиқарилиб акциялари давлат ихтиёрига ўтказилаётган “Ўзтрансгаз”ни истисно этганда, “Ўзбекнефтгаз”га қўшма компанияларни бирлаштириш йўли билан бошқарув тизимидаги ортиқча оралиқлар қисқартирилди.
Бугунги кунда Энергетика вазирлигида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
2020 – 2030 йилларда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика таъминоти стратегиясини ва 2019–2021 йилларда электр энергетикасини комплекс рақамлаштириш дастурини ишлаб чиқиш бошланган бўлиб, унда корхоналар ресурсларини режалаштиришни автоматлаштириш (ERP) ва диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш (SCADA) жараёнлари кўзда тутилган.
Ўзбекистонда электр энергетика соҳасини ривожлантиришнинг асосий устувор масалаларидан бири – тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда иссиқлик электр станциялари (ИЭС), атом энергетикаси, қайта тикланадиган энергия манбалари (ҚТЭМ) каби соҳаларда ишлаб чиқариш объектларини ривожлантириш ҳисобланади.
Мамлакатда яна бир муҳим лойиҳа – “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий этиш” ҳамда “Табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими” жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йил биринчи чорагига қадар 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларга замонавий электр ҳисоблагичлар ва 2021 йил биринчи ярим йиллигига қадар 3,5 миллиондан ортиқ истеъмолчиларга табиий газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланади.
Яқинда қабул қилинган қонунга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Энергетика вазирлиги, шунингдек энергия тежашни доимий равишда рағбатлантиришга, тегишли технологияларни жорий этишга ва энергия тежашнинг аҳамияти тўғрисида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ҳам амалга оширмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” мутахассисларининг фикрича, бугунги кунда ҳар бир уйда йилига ўртача 400 кВт/соат электр энергиясини тежаш имконияти мавжуд. Агар ҳар бир оила 400 кВт электр қувватини тежаса, у ҳолда республика бўйича тежалган электр қуввати миқдори 1,8 млрд. кВт соатни ташкил қилади. Шу тарзда тежалган электр энергияси, масалан, Жиззах ёки Сирдарё вилоятларини йил давомида электр энергияси билан таъминлашга етади.
Энергетика вазирлиги: 2030 йилгача – ўн йилга мўлжалланган режалар
Электр энергетикаси соҳасида ҳозирги кунда республиканинг ишлаб чиқариш қуввати 14,1 минг МВт дан ошади.
Ушбу ишлаб чиқариш қувватларининг асосий қисми ёки 85,8% иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. 2030 йилга келиб, максимал истеъмол қилинадиган соатларда жами электр қуввати 2018-2019 йиллар куз-қиш давридаги 11 минг МВт дан 20 минг МВт га ошди. Шу тарзда, 2030 йилга келиб, мамлакат энергия сиғимини қарийб 1,8 баравар оширишга тўғри келади.
Электр энергетикаси соҳасида 2019 – 2030 йилларга мўлжалланган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш дастурига мувофиқ, 2030 йилда биргина иссиқлик электр станцияларида 15,6 ГВт қувватга эга бўлган янги ва модернизация қилинган ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.
Шу билан бирга, иссиқлик электр станцияларида қуввати 6,4 ГВт га тенг бўлган жисмонан эскирган ишлаб чиқариш қувват ва ускуналарини фойдаланишдан чиқариш тахмин қилиняпти. Шу тарзда, 2030 йилга бориб уларнинг ўрнатилган қуввати 78,9 минг МВтга етади (яъни, 6,8 минг МВтга ошади).
Бугунги кунда 2030 йилгача бўлган даврда энергетика тизимининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида Энергетика вазирлиги йирик инвестиция лойиҳалари устида ишламоқда. Жумладан, умумий қуввати қарийб 10 ГВт бўлган замонавий энергия блокларини қуриш (Сирдарё, Навоий, Толимаржон, Тахиатош, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциялари ва бошқалар).
Умумий қуввати 1,9 ГВт га тенг ГЭС ва 2,4 ГВт га тенг АЭС қуриш.
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланадиган электр станцияларини қуриш, қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий улушини 21% гача етказиш.
Газ-турбина қурилмалар ёки умумий қуввати тахминан 3 ГВт бўлган авиация газ турбиналари базасида маневрли ишлаб чиқариш қувватини қуриш.
Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлигини таъминлаш ва жадал ривожланишига хизмат қилади.
Функциялар
- Мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг энергия ресурсларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини қондиришга қаратилган ягона энергетика сиёсатини юритади;
- Энергетика соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ҳамда хўжалик фаолияти функцияларини аниқ чегаралаш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш, тариф сиёсатини амалга оширишнинг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш ва шу асосда соғлом рақобат муҳити тамойилларини илгари суради;
- Инфратузилма объектларини қуришга, шунингдек тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга инвестицияларни, аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш учун шароитлар яратади;
- Энергия тежамкорлик ва иқтисодиёт тармоқларида энергия сарфини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, иқтисодиёт тармоқлари ва маиший секторда ресурс ва энергия тежовчи илғор технологияларни жорий этишни рағбатлантириш, муқобил энергия манбаларини кенг ривожлантиради;
- Энергетика тармоғи корхоналарида технологик жараёнларни автоматлаштиришнинг замонавий воситаларини, энергия ресурсларини қазиб олиш, етказиб бериш ва истеъмол қилиш ҳажмларини ҳисобга олиш тизимларини кенг татбиқ қилади;
- Тармоқ корхоналарини бошқариш тизимини, уларнинг тузилмалари ва бўлинмаларини мақбуллаштириш, ишларни ташкил қилишнинг аниқ натижаларга эришишга қаратилган замонавий усуллари ва мақсадли индикаторларни (сифат менежменти, индикатив режалаштириш) жорий этади.
Вазифалар
- Ўзбекистон Республикасининг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган ёқилғи-энергетика тармоғида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- Электр ва иссиқлик энергияси, кўмир ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек нефть, газ ва уларни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва улардан фойдаланишнинг давлат томонидан тартибга солинишини амалга ошириш;
- Республиканинг энергетика соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ва техник тартибга солишни амалга ошириш;
- Ёқилғи-энергетика комплексини стратегик режалаштириш ва ривожлантиришнинг мувозанатли тизимини яратиш ҳамда энергия ресурслари ишлаб чиқаришни ошириш ва диверсификация қилиш, барча турдаги энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва истеъмол қилишнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли узвий боғлиқ прогнозларини, шунингдек энергетика тармоғини комплекс ривожлантириш мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш;
- Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, энергия ресурслари бозорида қулай рақобат ва ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни рағбатлантирувчи тариф сиёсатини такомиллаштириш ҳисобига ёқилғи- энергетика тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
- Ёқилғи-энергетика тармоғида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини мувофиқлаштириш, энергия ресурсларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий капитални фаол жалб қилиш, халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар, банклар ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- Энергетика соҳасига корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, илғор ахборот-коммуникация технологияларини ҳамда бошқарув, ҳисобга олиш ва назоратнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишда кўмаклашиш, шу асосда энергетика соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, энергетика тармоғи ташкилотлари молия-хўжалик фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш;
- Нефть-газ ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг ишлаб чиқариш жараёнларига инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантириш, энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлиги даражасини ошириш;
- Энергетика соҳасида муҳандис-техник ва бошқарув кадрларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш.