Ўзбекистон ўз энергетик ресурслари ҳисобидан ўзининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминловчи мамлакатлар қаторига киради. Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизимидаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларининг салмоқли ҳиссаси республикага тегишлидир.
Вазирлик энергетика соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилишнинг технологик жараёнининг ўзига хослиги ўзида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларини ўзида мужассамлаштирган марказлаштирилган бошқарувни сақлашни талаб қилади.
2018 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ иссиқлик электр станциялари томоиндан 56,3 млрд. кВт электр энергияси ишлаб чиқарилди, 7,3 млн. Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилди ва электр станцияларнинг умумий белгиланган қуввати 14 минг МВтни ташкил этади.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тасарруфидаги электр энергиясини ҳосил қилувчи корхоналардан, умумий уунлиги 9,7 минг километрдан ортиқ бўлган 220-500 кВ кучланишдаги магистрал электр тармоқлари орқали “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги корхоналарга электр энергиясини етказиб бериш ишлари “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан амалга оширилади.
Республикада якуний истеъмолчиларига электр энергиясини сотиш “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги, ҳар бир ҳудудий тузилмада акционерлик жамияти сифатида фаолият кўрсатувчи ўн тўртта тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан амалга оширилади. Корхоналар балансида кучланиши 110 кВгача бўлган умумий узунлиги 250,4 минг километрдан ортиқ электр тармоқлари ва 1700 та подстанциялар мавжуд.
Республика истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш асосан энг сертармоқ кучланишга эга 0,4-6-10 кВли, узунлиги 223,8 минг километрдан ортиқ бўлган электр тармоқлари орқали амалга ошрилади.
“Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва созлаш ишларини бажарувчи ҳамда электр станциялари ва тармоқларининг асосий ва ёрдамчи ускуналарини таъмирлаш ва ишлатиш билан шуғулланувчи ягона ишлаб чиқариш мажмуаси ҳисобланади.
Ривожланган ишлаб чиқариш базаси ва юқори малакали ходимларнинг мавжудлиги электр хўжалиги объектларининг юқори даражада фойдаланиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасининг электр энергетикасини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисидаги қарорига мувофиқ вазирлик томонидан 2030 йилгача бўлган даврда ишлаб чиқариш қувватини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда, бу умумий қуввати 27 ГВт бўлган янги энерго блокларини қуриш билан ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича умумий қиймати 35 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади. Шу билан бирга иссиқлик электр станцияларидаги маънан ва жисмонан эскирган умумий қуввати 6,4 ГВт бўлган энерго блоклар эксплуатациядан чиқарилади.
Иссиқлик энергетикаси соҳасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши энерго блокларнинг самарадорлиги 60%га тенг юқори самарали буғ-газ турбинали станцияларга асосланган замонавий энергия ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишни таъминлайди.
Республикада қуввати 2,4 ГВт бўлган биринчи атом электр станциясини қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнида замонавий, умумий қуввати 6,7 ГВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини яратиш электр энергетикасини ривожлантиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади.
Барқарор электр энергиясини етказиб бериш учун умумий қиймати 2,4 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 2,7 минг км узунликдаги 220-500 кВ кучланишдаги электр тармоқлари ҳамда 9 та янги подстанцияларни қуриш зарур.
Шу билан биргаликда, умумий қиймати 9,9 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган мавжуд 39,6 минг та трансформатор подстанциялари ва 140,9 минг км узунликдаги 0,4-10-35-110 кВ кучланишдаги электр тармоқларида реконструкция ва янгилаш ишларини амалга ошириш зарур.
Табиийки, электроэнергетикага зарур инвестицияларни фақат мавжуд давлат энергетика компаниялари маблағлари ҳисобидан амалга ошириш мумкин эмас ва биз хусусий инвестицияларни жалб қилишга эътиборни қаратамиз.
Умумий қуввати 15 ГВт бўлган электр станцияларини қурилиши 17.3 млрд. АҚШ долларига тенг тўғридан –тўғри сармоя ҳисобига режалаштирилган. Барча станциялар тўғридан - тўғри сармоялар ҳисобига қурилади, гидроэлектрстанциялар, атом электростанциялари ва бир нечта тартибга солувчи электр станциялар бундан мустасно. Масалан:
Сирдарё вилоятида буғ-газ қурилмаси базасида икки босқичда, ҳар бирининг қуввати 1300 МВт бўлган янги электр станциясини қурилиши;
Туркиянинг “Cengiz Enerji" компанияси томонидан Тошкент вилоятида умумий қуввати 850 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси асосида янги электр станциясини қурилиши;
Туркиянинг “Yildirim Enerji” компанияси томонидан Сурхондарё вилоятида умумий қуввати 900 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси асосида янги электр станциясини қурилиши;
Навоий ИЭСнинг қуввати 650 МВт бўлган 3 ва 4 буғ-газ қурилмасини барпо этиш, буғ-газ қурилмалари ва газ-поршенли двигатели асосида бошқариладиган электр станциясини қуриш билан Навоий ИЭСни кенгайтириш.
Келгусида ушбу электростанциялар акцияларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш ва ДХШ тамойили асосида қўшма корхоналарни яратиш энг мақбул усул ҳисобланади.
Электр энергетикасини босқичма-босқич ислоҳ қилиш модели иқтисодиёт ва аҳолида электр энергиясига тобора ортиб бораётган эхтиёжни, тарифларни кескин оширмасдан қоплашни кафолатлайди.