Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги марказий аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари
- Умумий қоидалар
- Ушбу Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги марказий аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари (кейинги ўринларда Одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги марказий аппарати ходимларининг (кейинги ўринларда вазирлик ходимлари деб аталади) касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.
- Одоб-ахлоқи қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, вазирлик ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
- Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) ишга кираётган шахслар Одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништириладилар.
- Вазирлик ходимлари қонун ҳужжатлари ва Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.
Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш вазирлик ходимлариининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.
- Хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари
- Вазирлик ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:
қонунийлик;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;
давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.
- Вазирлик ходимлари қуйидагиларга мажбур:
хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;
ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;
юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;
ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларида белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;
ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;
ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;
ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки вазирликнинг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;
хизмат мавқеидан вазирлик, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;
вазирликда хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.
- Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар вазирлик ходимларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.
- Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, вазирлик ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.
- Вазирлик ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.
Вазирлик ходимлари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа вазирлик ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.
Раҳбарлар шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.
- Вазирлик ходимлари касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
- Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, вазирликда ёхуд унинг таркибий ёки ҳудудий бўлинмасида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.
Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.
Раҳбар:
манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;
коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;
ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.
- Вазирлик ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа вазирлик ходимлари билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.
Вазирлик ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Вазирлик ходимлари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда вазирлик ходимларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг вазирликка нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.
- Вазирлик ходимлари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.
III. Манфаатлар тўқнашуви
- Вазирлик ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.
Манфаатлар тўқнашуви вазирлик ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.
Вазирлик ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда вазирлик ходимлари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
- Вазирлик ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.
Вазирлик ходимлари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.
Вазирлик ходими ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.
Вазирлик ходимлари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.
- вазирлик ходими лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.
- Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
- Вазирлик ходими томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.
- вазирлик ходими томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
- Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Одоб-ахлоқ комиссияси, махсус таркибий бўлинма мавжуд бўлмаган тақдирда, вазирлик ходимларидан камида 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари вазирлик томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланади.
Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда вазирлик раҳбарининг кўриб чиқишига қоидалар бузилишини содир этган вазирлик ходимини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси вазирлик ходимига нисбатан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.
Вазирлик ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек вазирликнинг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.