2021 йилда энергетика соҳасида амалга ошрилган инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумот
Савол: 2021 йилнинг июнь ойигача Энергетика соҳасида неча пуллик инвестиция лойиҳалари ўзлаштирилди? Йил охиригача бу миқдор қанчага етиши режа қилинган?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрда ПҚ–4937-сон қарорига асосан Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан 2021 йил январь-май ойларида умумий қиймати 33,4 миллиард доллар бўлган 62 та инвестиция лойиҳаси бўйича 1,1 миллиард доллар, шу жумладан 305,3 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди.
Жорий йил якуни билан 3,4 миллиард доллар, шу жумладан 1,3 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Савол: Ўтган 5 ойда соҳага қанча миқдорда бюджет маблағлари сарфланди? Бунда пуллар қайси лойиҳаларга йўналтирилди?
Жавоб: Вазирлик мутасаддилигидаги 9 та акциядорлик жамияти томонидан амалга ошрилиётган лойиҳалар АЖларининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Яъни мазкур акциядорлик жамиятларининг лойиҳалари учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди.
Савол: Янги шартномалар ҳам тузилдими ва улар қандай? Улардан қандай натижалар кутиляпти?
Жавоб: Электр энергетика соҳасида, хуссусан, иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 2021 йилда умумий қуввати 4 минг 341 мегаваттга тенг бўлган жами 10 та шартнома имзоланди. Хуссусан:
1,2. 2021 йилнинг январь ойида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро вилояти Пешку ва Ғиждувон туманларида умумий қуввати 1 000 мегаватт бўлган 2 та шамол электр станцияларини қуриш бўйича битим имзоланди.
3,4. 2021 йилнинг январь ойида Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида умумий қуввати 470 мегаваттга тенг бўлган 2 та (270/230) иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича битим имзоланган.
5. 2021 йилнинг февраль ойида Туркиянинг “Odas Enerji” компанияси билан ҳамкорликда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 174 мегаваттга тенг 1 та иссиқлик электр станцияси қуриш бўйича шартнома имзоланди.
6. 2021 йилнинг апрель ойида Бирлашган Араб Амирликларининг “Phanes Group” компанияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятининг Нурота туманида қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича битим имзоланди.
7. 2021 йилнинг апрель ойида Нидерландиянинг “Stone City Energy” компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида умумий қуввати 1 600 мегаваттга тенг иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича битим имзоланди.
8. 2021 йилнинг июнь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 457 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиби бўлди. Айни пайтда битим имзоланиш жараёнида.
9,10. 2021 йилнинг июнь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Самарқанд ва Жиззах вилоятларида умумий қуввати 440 мегаватт бўлган 2 та (220/220) қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тендер ғолиби бўлди. Айни пайтда битим имзоланиш жараёнида.