Янги авлод электр станциялари
Ўзбекистон 2030 йилга қадар электр энергия ишлаб чиқарилишида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ҳозирги 10 фоиздан 25 фоизга етказишни мақсад қилган.
Электр энергиясини анъанавий усуллар ёрдамида ишлаб чиқариш аллақачон урфдан қолмоқда. Барча соҳалар қатори ушбу тармоқда ҳам энг замонавий технология, инновацияларни қўллаш давр талабига айланган. Бу, ўз навбатида, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган экологик тоза электр энергиясини ҳосил қилиш имконини яратади.
Табиий ресурсларга бой бўлган мамлакатимизда кейинги йилларда энергетика соҳасини ислоҳ қилишда янгича ечим ва технологияларга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 90 фоизи кўмир, табиий газ ва бошқа нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига олинади. Бу ортиқча йўқотишлар талаб этиш билан бирга, атроф-муҳитга зарар етказмасдан қолмайди.
Тўғри, инсоният тараққиётида кишиларнинг энергетикага бўлган эҳтиёжи уларни табиий манбалар — ўтин, кўмир, торф ва бошқа ёқилғилардан фойдаланишга мажбур қилди. Бу усул ҳозир ҳам энергетика олишнинг энг тезкор, аниқ ва вақт синовидан ўтган ечими саналади. Ҳатто, ана шу табиий бойликларнинг қанчалик кўплиги давлатларнинг энергетика соҳаси ривожини белгилайди.
Ўтган асрнинг 2-ярмидан бошлаб дунёда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортиши ҳамда бу соҳада илм-фаннинг тараққий этиши унинг муқобил усулларини ривожлантиришга ҳам йўл очди. Бунда сув, шамол, қуёш каби қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига экологик тоза электр энергияси олиш кўзда тутилади.
Охирги 3-4 йилда қулоғимизга тез-тез чалинаётган “яшил энергия”, “муқобил энергия” тушунчаларининг ҳар иккиси қайта тикланувчи энергия сўзига ишора қилади. Маълумотларга кўра, “яшил энергия”нинг асосини Ер юзидаги ҳаёт манбаи бўлган Қуёш ташкил қилади. Шамол, сувнинг табиатда эркин айланиши ва бошқа иқлим шароити билан боғлиқ жараёнларнинг барчаси галактикамиз марказий сайёраси — Қуёшнинг фаоллиги ҳисобига амалга ошади. У қайта ишлангани туфайли “қайта тикланувчи”, экологияга деярли зарари бўлмагани учун эса “яшил энергия”, деб таърифланади.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар электр энергия ишлаб чиқарилишида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ҳозирги 10 фоиздан 25 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган. Бундай натижаларга эришиш учун Энергетика вазирлиги томонидан қайта тикланувчи энергетикада йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаол ҳаракатлар бошланган. Янги энергия манбаларини топиш, қайта тикланувчи қувватлар самарадорлигини ошириш ҳамда уларни энергия тизимида қўллаш кўламини кенгайтириш мақсадида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида тўғридан-тўғри хориий инвестициялар ҳисобига йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Йилига 12 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади
Экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни 2500 мВтга ошириш бўйича Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Саудия Арабистонининг нуфузли “ACWA Power” компанияси ўртасида 2020 йилнинг март ойида имзоланган ҳамкорлик келишуви ана шу саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Лойиҳа уч асосий босқичдан иборат бўлиб, умумий инвестициявий қиймати 2,5 миллиард АҚШ долларни ташкил этади. Глобал миқёсда энергия ишлаб чиқариш ва сувни шўрсизлантириш корхоналари соҳиби, жами қуввати 38,7 гВт.га тенг электр энергияси ҳосил қилиш ҳамда дунёнинг 12 мамлакатидаги 58 та объектга етказиб бериш орқали ном қозонган “ACWA Power” компанияси мамлакатимиз учун хавфсиз ва самарадор “яшил” энергетика ечимларини таклиф этмоқда.
Сирдарё вилоятида қурилиши бошланган қуввати 1500 мВт.га тенг иссиқлик электр станцияси бу борадаги лойиҳаларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ доллари бўлган мазкур станциянинг фойдали иш коэффиеценти қарийб 60 фоизни ташкил этади. Бу ҳозирда фаолият кўрсатаётган бошқа турдош станциялар билан таққослаганда, ишлаб чиқариш учун истеъмол қилинаётган табиий газ миқдорини деярли икки баробар иқтисод қилиш имконини беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, комбинацияланган циклли станция Япониянинг энг сўнгги газ турбинаси технологияси асосида қурилади. У иш туркумидаги 2 та газ ва битта буғ трубинаси, 2 та утилизатор буғ генераторига эга бўлиб, дунёдаги энг самарали электростанциялардан бири бўлиши кутилмоқда.
Станция конструкцияси, унинг иш фаолиятини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи тизим жаҳондаги энг нуфузли соҳа мутахассислари томонидан мукаммал даражада тайёрланган. Бундан ташқари, энг замонавий ечимлар эксплуатация қилиш ва назорат воситаларидан фойдаланишни ҳам кўзда тутади.
Станция йилига 12 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли йилига ўртача 68-70 миллиард киловатт соатни ташкил этса, Сирдарёдаги ИЭС ишга тушгач, қурилма истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 15 фоизини қондиришга ҳисса қўшади.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Сирдарё ИЭС қурилишининг расмий очилиши маросимида юртимиз мутасадди идоралари раҳбар-мутахассислари, Саудия Арабистони ва “ACWA Power” компанияси вакиллари иштирок этди. Меҳмонлар тантанали тадбирда нутқ сўзлаб, янги электр станциясининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
— Ўзбекистонда энергетика тармоғини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли режанинг бир қисмини амалга оширишда иштирок этаётганимиздан фахрланамиз, — деди “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян. — Бу йўлда ҳар икки мамлакат вакиллари бир жамоа бўлиб меҳнат қиляпмиз. “ACWA Power” компаниясининг арзон нархларда электр энергияси етказиб бериш борасидаги тажрибасига билдирилган ишонч учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига миннатдорлик билдираман. Биз амалга ошираётган учта йирик лойиҳа мамлакатдаги фаолиятимизни кенгайтириш имконини бермоқда.
Мазкур электр станциясининг қурилиши даврида мингдан ортиқ фуқаролар бандлиги таъминланади. Маҳаллий аҳоли орасидан хизматчилар ишчи гуруҳлари таркибига олиниб, пудратчилар, логистика компаниялари ва муҳандислик бўйича маслаҳатчилар билан шартномалар тузилиши режалаштирилган. Муҳими, йирик инвестициявий лойиҳа Ўзбекистоннинг энергетика қувватини талаб даражасида оширишга катта имконият беради. Боиси, 2030 йилга бориб мамлакатимизда электр энергияси истеъмоли 110 миллиард кВт соатга етиши кутилмоқда.
Беккерель ихтиросидан то бугунга қадар...
Ҳозирда Ўзбекистоннинг иссиқлик электр станциялари республикада ишлаб чиқарилаётган электр қувватининг қарийб 86 фоизини ташкил қилади. Айни вақтда юртимизда 14 минг мегаватт қувватга эга электр станциялари мавжуд. Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ўсиши натижасида бу талаб 2030 йилга бориб 20 минг мегаваттга етиши кутилмоқда. Ушбу станциялар йилига 17 миллиард куб метр табиий газ сарфлайди. Ваҳоланки, бундай катта миқдордаги газни қўшимча қиймат яратиш (синтетик ёқилғи, полипропилен олиш) жараёнларига йўналтириш мумкин. Шу боис, мутахассислар олдидаги асосий вазифа электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини оширишдангина иборат бўлмай, балки атроф-муҳит учун зарарсиз бўлган “яшил энергия” ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Мамлакатимизда бу борада 10 йилга мўлжалланган аниқ лойиҳалар бор. Шу вақт оралиғида умумий қуввати 5 минг мегаватга тенг қуёш электр станциялари ҳамда умумий қуввати 3 минг мегаватни ташкил этадиган шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги 2020 йилнинг 1 февралида Шеробод туманида Осиё тараққиёт банки кўмагида фотоэлектрик электр станцияси қад ростлаши бўйича дастлабки лойиҳага бошланганини маълум қилган эди. Лойиҳа ушбу банк ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 1 гВт қуёш энергияси ҳосил қилиш дастурининг бир қисми бўлиб, унга кўра, камида 200 МВт ўзгарувчан ток қувватига эга қуёш электр станцияси, шу жумладан, янги 220 кВт кучланишли подстанция ва “Сурхон – 500 кВт” подстанциясига уланиш учун жами узунлиги 52 километрлик электр узатиш тармоғи тортилади.
Мамлакатимиз қайта тикланадиган энергия манбалари лойиҳаларида қатнашиш бўйича яхши шартларни таклиф қилган йирик компаниялар билан бевосита музокараларни фаол давом эттирмоқда. Масалан, Франциянинг “Tota Eren” компанияси томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида фотоэлектрик станция тикланади. Жами қуввати 100 мВт.ли бу иншоотни барпо этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги битим ўтган йили кузда имзоланган эди.
Манбаларда келтирилишича, қуёш батареялари, яъни ёруғликни электрга айлантириш таъсирини ўрганиш дастлаб француз физиги Александр Беккерель томонидан 1842 йилда кашф этилган. Кейинроқ америкалик ихтирочи Чарльз Фриттс нурни электрга айлантириш учун селен кимёвий элементидан фойланишни таклиф этди. Қуёш батареяларининг биринчи прототипи эса италиялик олим Жакомо Чамичян томонидан яратилди. Шундан сўнг “Bell Laboratories” томонидан электр токини ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастлабки қуёш батареяларини ихтиро қилиш учун орадан қарийб бир аср вақт ўтишига тўғри келди. Бу борада илк ютуқлар кейинги улкан муваффақиятларга йўл очди. Бугунги кунга келиб, дунёнинг кўплаб давлатларида электр токи олишда қуёш батареялари, шамол электр станцияларидан кенг фойдаланилади.
Албатта, “яшил энергия” ишлаб чиқариш арзон жараён эмас. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш ва ўрнатиш учун катта маблағ талаб этилади. Бироқ, бундай қурилмалардан ишлаб чиқариладиган энергия нархи йилдан йилга пасайиб бориши натижасида, улар кейинчалик иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди.
Анъанавий усуллар тарихда қолади
Экологик тоза энергия олишда шамол электр станцияларининг ҳам аҳамияти катта. Айниқса, сўнгги йилларда бу энергия жаҳонда жадал ривожланаётган тармоқлардан бирига айланди. Шамол двигатели, электр токи генератори, уларнинг ишини бошқарувчи автоматик қурилма ҳамда улар ўрнатиладиган иншоотлардан иборат электр станциялар шамол оқимининг кинетик қувватини электр энергияга айлантириб беради. Удан кўпинча шамол оқимининг ўртача йиллик тезлиги юқори бўлган ва марказлаштирилган электр таъминот тармоқларидан узоқда жойлашган ҳудудларда фойдаланилади. Бундай станциялар орқали 8 киловатдан 1,2 мегаватгача бўлган қувватдаги электр энергияси ҳосил қилиш мумкин.
Юртимизда шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири Навоий вилоятининг Томди туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси иштирокида умумий қуввати 500 мегаватга тенг шамол электр станцияси қуриш лойиҳасидир. Бу станцияни 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
“Masdar” Абу-Дабидаги “Mubadala Investment Company” инвестициявий холдингининг шўъба корхонаси ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири саналади. Унинг амалга оширилган инвестициявий лойиҳалари портфели қайта тикланувчи манбалардан электр энергия ишлаб чиқариш бўйича ўрнатилган 4 минг мВт қувватни ўз ичига олади. Компания иштирокида, шунингдек, Зарафшон шаҳрида умумий қуввати 500 мВт бўлган шамол электр станциясини қуриш режалаштирилган.
Бу йўналишда Саудия Арабистонининг “АCWА Power” компанияси билан ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз кенгайиб бормоқда. Бу компания ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида тузилган келишув шартномасига асосан, айни пайтда бир қанча ҳудудларда юқори қувватли шамол электр станциялари барпо этишга киришиляпти.
Хорижий компания билан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1000 мВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш ҳам кўзда тутилган. Ушбу электр станцияларини қуриш лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш углеводород чиқиндиларини 1,6 миллион тоннага қисқартириш имконини яратиши баробарида, 2031 йилга бориб энергия қувватларининг 40 фоизини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш бўйича ҳукумат томонидан қўйилган мақсадларга эришишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Жараённинг илк босқичида Энергетика вазирлиги, Давлат геология қўмитаси ҳамда “АCWА Power” компанияси мутахассислари томонидан мамлакатимизнинг бир қанча ҳудудларида шамол оқими даражаси ўрганиб чиқилди. Ўтган йилнинг август ойида бошланган ўрганиш ишлари 12 ой давомида олиб борилади. Тадбирлар давомида шамолнинг тезлиги, йўналиши ва давомийлиги, шунингдек, ҳудудлардаги об-ҳаво шароитларининг ўзгаришига оид маълуотларни ўлчаш учун 100 метр баландликдаги махсус ўлчов асбоблари ўрнатилади. Ушбу ишларга юқори малака ва тажрибага эга маҳаллий ҳамда хорижлик мутахассислар жалб қилинган. Бундан ташқари, ҳудудларда топографик, геологик ва гидрологик тадқиқотларни амалга ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Бу лойиҳаларни амалга оширишда Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси ўртасида тузилган водород энергиясини ривожлантириш бўйича шартнома ҳам муҳим ўрин тутади. Асосий мақсад Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда водород ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги илмий изланишлар орқали “иссиқхона” гази ҳосил бўлишини камайтиришга қаратилган.
— Юртимизда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш муайян вақт давомида ишланмалар ва инвестициялар соҳасидаги кўплаб мақсадларга эришишни кўзда тутади, — деди энергетика вазири Алишер Султонов. — Режаларимизнинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистонга катта миқдордаги инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатимиз энергетика мақомини ошириш имконини беради. Вазирлик “ACWA Power” компанияси ва Саудия Арабистони делегациясига бошланган ишлар учун чуқур миннатдорлик билдиради. Биз нуфузли ва бу соҳада катта тажрибага эга мазкур тузилма билан узоқ муддатли ҳамда самарали ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.
Юқоридаги лойиҳалар бўйича инвестиция келишувларининг имзоланиши, ҳақиқатан, энергетика тармоғини ислоҳ қилиш ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу, айниқса, Ўзбекистоннинг паст даражали углеводород чиқиндили ресурслардан фойдаланишга ўтишида дадил қадамлардан бирига айланиши, шубҳасиз.
Бугунги кунда юртимиз энергетика соҳаси салмоғида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш муҳим вазифалардан бирига айланиб боряпти. Юқорида қайд этилган йирик инвестицион лойиҳалар “яшил энергия”дан фойдаланиш кўламини кенгайтириш йўлида қўйилган дастлабки қадамлар сирасига киради. Хорижий шериклар билан ҳамкорликда яратиладиган муқобил энергия манбалари иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар ва аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндиларни камайтириш имконини беради.
Танлов ғолиби Тошматова Ироданинг мақоласи