САВОЛ: Хонадонимда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида қуёш сув иситгичларини ўрнатмоқчиман. Қуёш сув иситгичини ўрнатганим учун давлат бюджетидан компенсация олиш учун нима қилишим керак?
БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ: Ўз маблағлари хисобидан энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли қарори билан энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни ҳарид қилиш ҳамда ушбу мақсадлар учун олинган кредитлар бўйича фоиз ҳаражатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 217-сон “Энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни харид қилиш ҳамда ушбу мақсадлар учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация ажратиш тартиби тўғрисидаги” ги низомда ўз аксини топган.
ЖАВОБ: Низом талаблари 2020 йил 1 январдан бошлаб ўз маблағи ҳисобидан энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни харид қилган ва ўрнатган жисмоний шахсларга, шунингдек тижорат банклари кредитлари асосида харид қилган ва ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Аввало, сиз ўз хоҳишингизга асосан Компенсация ажратиш бўйича Низомнинг 3-иловасида келтирилган шакл асосида ариза билан ишчи гуруҳга мурожаат қилишингиз керак бўлади.
· Ишчи гуруҳ томонидан аризангиз ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида тақдим этган ҳужжатларингиз тўғри ва тўлиқлигини текширади ҳамда энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни қурилиш-созлаш ишлари ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилганлигини жойига чиқиб ўрганади.
· Ўрнатилган энергия самарадор қурилмаларни сотиб олишга сарфланган харажатларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат буджетидан қопланиши тўғрисидаги Низомга 4-иловада келтирилган шаклга мувофиқ далолатномани тасдиқлайди ҳамда талабгорга юборади;
· Агар аксинча, тақдим этилган ҳужжатларингиз тўғри ёки тўлиқ бўлмаганда ёхуд бошқа камчиликлар туфайли рад этилганда, камчиликларни бартараф этиб 1 ой муддатдан сўнг қайта ариза топширишингиз мумкин бўлади.
· Ижобий хулосага асосан ҳудудий комиссиялар мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлимига компенсация тўлаб бериладиган талабгорлар рўйхатини юборади.
Барча ҳужжатлар тайёр бўлиб расмийлаштирилгандан сўнг, компенсация ажратиш босқичига ўтилади.
Ҳар ойнинг 5-санасига қадар ҳудудий молия бўлимлари барча мурожаатларни умумлаштиради ҳамда компенсация учун талаб этиладиган маблағларни ажратиш бўйича 1 ой муддатда белгиланган тартибда маблағ ажратади.
Ажратилган компенсация маблағларини талабгорнинг банк картаси ёки банк ҳисоб варағига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағлари ҳисобидан компенсация жисмоний шахсларга – қуёш фотоэлектр станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатлари ининг 30 фоизи миқдорида ажаратилади.
Шундан:
- қуёш фотоэлектр станциялари учун – 3 миллион сўмдан;
- қуёш сув иситкичлари учун – 1,5 миллион сўмдан;
- энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсация маблағлари ажратилади.
жисмоний ва юридик шахсларга – қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилишга олинган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратилади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисми қоплашга:
жисмоний шахсларга – 500 миллион сўмгача кредитлар бўйича 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда қоплаб берилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати