2021 йил якуни билан республика бўйича жами 53 миллиард 632 миллион куб метр табиий газ (ўтган йилга нисбатан 3 миллиард 925 миллион куб метрга кўп), 2 миллион 101 минг тонна газ конденсати (73 минг тоннага кўп) ва 767,3 минг тонна нефть (13,8 минг тоннага кўп) қазиб чиқарилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жами 164 та қудуқни бурғилаш ва ишга тушириш, 733 та қудуқни капитал таъмирлаш, интенсификация ва перфорация қилиш ишлари бажарилди, 44 та технологик объектларда модернизация ва реконструкция ишлари якунланиб, газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари ишга туширилди. Натижада, 2021 йил якуни билан қушимча 5 011,9 миллион куб метр табиий газ ва 102,6 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқаришга эришилди.
Республика истеъмолчилари 42 миллиард 484 миллион куб метр (ўтган йилга нисбатан 2,8 миллиард куб метрга кўп), шу жумладан аҳоли 12 миллиард 182 миллион куб метр табиий газ (269,8 миллион куб метрга кўп) билан таъминланди.
800,3 минг тонна (ўтган йилга нисбатан 59 минг тоннага кўп) суюлтирилган газ, 1 миллион 127 минг тонна (118,3 минг тоннага кўп) автобензин ишлаб чиқарилди.
Ҳисобот даврида 2021 йилда республика истеъмолчиларига жами 60 миллиард 479 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди. Бу ўтган йилга нисбатан 4 миллиард 713 миллион киловатт-соатга ёки 8,5 фоизга кўп.
Натижада товар маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми – 49,0 триллион сўм (ўтган йилга нисбатан 5,2 триллион сўмга кўп), маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми – 3 триллион 252 миллиард сўм (прогноз - 102,8%) миқдорида таъминланди.
66 та инвестиция лойиҳалари доирасида 2021 йил якуни билан жами 3 миллиард 270 миллион доллар (прогноз – 102,6%) ҳажмда, шундан тўғридан-тўғри 1 миллиард 283 миллион доллар (100,9%) хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
11 та (умумий қиймати 1 миллиард 143 миллион доллар) лойиҳа якунланиб, объектлар фойдаланишга топширилди. Шулардан бири, Ўзбекистон Республикасида илк бор давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўтган йил 27 августда ишга туширилди. Ушбу станцияда йилига 252 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа йилига 80 миллион куб метр табиий газни тежалишига ва атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олдини олишига имкон яратади.
АСКУЭ лойиҳаси бўйича республикадаги барча электр энергияси истеъмолчиларининг 7,4 миллион ҳисоблагичларини замонавийларига алмаштирилиши август ойида якунланди.
Шунингдек, 2021 йил якуни билан АСКУГ лойиҳаси (3,5 миллион дона) доирасида 2,3 миллион электрон газ ҳисоблагичлари республика аҳоли хонадонларига ўрнатилди ҳамда “Биллинг” дастурига интеграция қилинди. 2022 йилда лойиҳа бўйича режалаштирилган ишлар тўлиқ якунланади.
Ёқилғи-энергетика соҳасида трансформация ислоҳотлари бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида “Fitch Ratings” ва “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентликлари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖга мустақил суверен рейтинги “BB-” (барқарор) даражасидаги кредит рейтинглари олинди.
2021 йил ноябрь ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Лондон фонд биржасида 700,0 миллион долл миқдоридаги йиллик 4,75 фоиз ставка билан 7 йиллик RegS/144A форматидаги халқаро евробондлар муваффақиятли жойлаштирилди. Ушбу евробондлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Европа ва Осиё мамлакатларидан қатнашган 120 дан ортиқ инвесторлар орасида тақсимланди.
Туркиянинг “Акса” компанияси билан Жиззах шаҳрининг газ тақсимлаш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида эксплуатация қилиш бўйича ўрганиш ишлари бошланди.
Халқаро молия институтлари (Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт ва тикланиш банки ҳамда Жаҳон банки) томонидан ёлланган жами 13 нафар экспертларнинг техник кўмаги асосида электр энергетика соҳаси бўйича қатор салмоқли ишлар амалга оширилди.
“Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ва “Электр тармоқлари кодекси” ишлаб чиқилди.
Шунингдек, “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси томонидан чуқур диагностика ишлари олиб борилди ва аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати