“Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422–сонли қарори
2019 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4422–сонли “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия сарфи ҳажмини кескин камайтириш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ маъмурий биноларда, аҳоли пунктларида ва ишлаб чиқариш объектларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Қарордаги энг эътиборли жиҳат бу ушбу қарор асосида, Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунида (мазкур ЎРҚ-539-сонли Қонун 2019 йил 21 май куни қабул қилинган) қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёз ва преференциялар, яъни, қуйидагилар:
қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга мол-мулк солиғини ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан;
ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилганлиги асосий маълумотлардан бири тариқасида келтирилган.