Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 18 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, 18 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 225 миллион 200 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 216 миллион 300 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, сутка давомида ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга прогноздаги 94 миллион 696 минг куб метр ўрнига амалда 106 миллион 90 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шу билан бирга, аҳолига 2 минг 141 тонна суюлтирилган газ етказилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 18 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 15 минг 673 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича истеъмолчилар томонидан мурожаат келиб тушмади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудлардаги масъул раҳбар-ходимлари томонидан доимий 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган бўлиб, бу орқали барча иш жараёнлари назоратга олинган.
Аввал хабар берганимиздек, Мирзо Улуғбек тумани газ таъминоти бўлими томонидан туманнинг Ғазалкент ва Бинокор кўчалари кесишувидаги ер ости ўрта босимли 90 мм диаметрли (ПЭТ) газ қувурини таъмирлаш мақсадида
18 декабрь куни 10:00 дан 20:30 га қадар 24 537 нафар истеъмолчи табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди.
Бухоро тумани газ таъминоти бўлимидан олинган маълумотга асосан, “Қавала Маҳмуд” МФЙ, “Зафаробод” МФЙ ва “Отбозор” МФЙни табиий газ билан таъминловчи диаметри 100 мм бўлган ўрта босимли ер усти қувуридан газ сизиб чиқиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида жорий йил 18 декабрь куни соат 13:00 дан 17:00 га қадар 2 000 нафар хонадонда газ таъминоти тўхтатилди.
Когон тумани газ таъминоти бўлимидан олинган маълумотга асосан “Ниёзхожи” МФЙ, “Чолоки” МФЙ ва “Хўжа-Якшаба” МФЙни табиий газ билан таъминловчи 219 мм ли ўрта босимли ер ости қувуридаги газ сизиб чиқиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида 2020 йил 18 декабрь куни соат 14:00 дан соат 17:00 га қадар 4 225 нафар хонадонда газ таъминоти тўхтатилди.
“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан Термиз туманидаги Термиз-1 газ тақсимлаш станциясида ўрнатилган соатлик сарфи 12000 куб метр бўлган диафрагмани 16000 куб метрли диафрагмага алмаштирилиши сабабли Термиз туманида (8027 нафар аҳоли хонадони ва 114 та улгуржи истеъмолчи) ҳам жорий йил 18 декабрь куни соат 13:00 дан 15:00 га қадар табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди.
2020 йил 19 декабрь куни соат 10:00-17:00 оралиғида Олмазор тумани газ таъминоти бўлими томонидан туманнинг О.Бобожонов кўчасидан ўтган ўрта босимли ер усти газ қувурида таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу сабабли туманнинг Хончорбоғ ва Мискин маҳаллаларидаги 2 ва 4-сонли кўп қаватли уйлардаги жами 265 та квартира ва 465 та ерли хонадонлар ҳамда 7 та улгуржи истеъмолчининг табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади. Таъмирлаш ишларидан сўнг соат 17:00 дан бошлаб табиий газ таъминоти қайта тикланади.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишларини сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.