Газ таъминоти масалалари бугунги кунда доимий равишда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўтарилмоқда. Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа масъул идора ва ташкилотлар томонидан энергия манбаларига бўлган талабни қондириш ишлари давом эттирилмоқда.
Ҳозирги вақтда юртимиз истеъмолчиларига суткасига ўртача 165 млн. Куб метр табиий газ етказиб берилмоқда. Шундан 108 млн. куб метри “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияси томонидан етказиб берилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 15 млн. куб метрга кўпдир.
Аҳоли истеъмолчиларига суткасига 73 млн. куб метр табиий газ етказиб берилмоқда, бу ўтган йилгига нисбатан 13 млн. куб метрга кўпни ташкил қилади. Фактлар шуни кўрсатмоқдаки, газ етказиб бериш ўтган йилгига қараганда камайгани ҳақида гапириш мутлақо ўринсиз, аксинча қиш совуқ келгани ва истеъмолчилар сони ортгани, шунингдек бошқа бир қатор сабаблар, жумладан уйлар иситиш тизими эмас, газ ҳисобига иситилаётгани сабаб унинг истеъмоли ортиб бормоқда. Бугунги кунда таҳлилчилар маълумотларига кўра, умумий тақчиллик, яъни табиий газга бўлган таъминланмаган эҳтиёж суткасига қарийб 20 млн. куб метр газни ташкил этади. Яъни, 165 млн эмас, 185 млн. куб метр керак бўлади. Бу масала ҳам экспорт ҳажмини ички бозорга йўналтириш ва қўшимча равишда табиий газ импорт қилиш ҳисобига ҳал этилмоқда.
Шунингдек, реал эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун ҳисоб-китоблар амалга ошириб бўлинди, бу 2021 йилда ички бозорга 58,6 млрд. куб метр газ етказиб берилиши режалаштирилаётганини англатади.
Табиий газ етиб бормаган ҳудудларга таом тайёрлаш учун суюлтирилган газ ва иситиш учун кўмир етказиб берилмоқда.
Табиийки, аҳолининг бир қисмига баллонлардаги суюлтирилган газ билан таъминланиш долзарб масала ҳисобланади. Суюлтирилган газ етказиб беришни кўпайтириш учун ҳам режадаги ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда аҳолига суткасига 2 минг тонна баллонлардаги суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Қишки мавсумда 2020 йилнинг декабрь ойидан 2021 йил март ойигача 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Умуман олганда 2021 йилда 610 минг тонна газ етказиб берилади, бу эса жорий йилги кўрсаткичга қараганда 75 минг тоннага кўпдир. Шу тариқа, аҳоли эҳтиёжлари ҳисоблаб чиқилмоқда ва уларни таҳлил қилиш асосида имкониятлар топилмоқда.
Улар нималардан иборат? Биринчи навбатда, янги қувватларни ишга тушириш. Шу тариқа, бугунги кунда жорий йилда Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Шўртан заводларида ишга туширилган иккита янги пропан-бутан қурилмалари тўлиқ қувват билан ишга туширилмоқда. Улар суткасига қўшимча равишда 300 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, йил охирига келиб Бухоро вилоятидаги Учқир конида йилига 80 минг тонна суюлтирилган газ олиш қувватига эга бўлган қурилма ишга туширилади, келгуси йилнинг биринчи чорагида лойиҳа қувватига чиқиш кутилмоқда. Бу борада янги имкониятларни ишлаб чиқиш бўйича ишлар доимий равишда олиб борилмоқда.
Ижтимоий соҳага кўмир маҳсулоти етказиб бериш ҳозирги вақтга келиб 100 фоизга бажарилди, амалда 411 минг тонна кўмир етказиб берилиб, бу режага нисбатан 102 фоизга кўпни ташкил этади. Истеъмолчилар (аҳоли)га кўмир маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми ўтган йилгига нисбатан қарийб учдан бири, яъни 270 минг тоннага ортди. Шу тариқа, умуман олганда уй хўжаликларига 649 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилди. Бу ўтган йиллар муаммоларини таҳлил қилиш асосида кўмир маҳсулоти етказиб беришнинг самарали тизими яратилганидан далолат бериб, бу йил ушбу ишлар ўз натижасини берди. Кўмир маҳсулоти сифатини ошириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойидан брикет маҳсулоти тайёрлашга ёндашув ўзгарди. Эндиликда унинг асосини бевосита кўмир сифатида етказиб бериш имкони бўлмаган фақат майда нокондицион ҳажмдаги кўмир ташкил этади. Шундай қилиб, диаметри 0-50 мм. бўлган брикетлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Нисбатан катта кўмир фракциялари ҳажмига кўра ажратилиб, истеъмолчиларга етказиб берилади. Авваллари брикетларни тайёрлаш учун тошкўмирни махсус майдалаш амалиёти мавжуд эди, истеъмолчилар илтимосига кўра бу усулдан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан 160 минг тоннага яқин кўмир маҳсулоти заҳираси яратилган бўлиб, ундан қўшимча равишда талаб туғилиб қолганда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари учун фойдаланиш мумкин.
Шубҳасиз, аҳолини электр энергияси ва ёқилғи ресурслари билан тўлақонли таъминлаш ҳолатига кўрилаётган чораларга қарамай ҳамон учраб турган улардан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилда 84 млн. куб метр табиий газ (84 млрд. сўм) ва 120 млн. киловатт-соат электр энергияси (34 млрд. сўм)дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Аввало, автоматлаштирилган ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимларини жорий этиш орқали, бунинг устида ҳозирги вақтда иш олиб борилмоқда. 2021 йил 1 апрелгача Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭЭҲОваНҚАТ) жорий этилиши керак ва унга 7,5 млн. нафар истеъмолчи уланиши кўзда тутилган. 2021 йил август ойида худдий шундай табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ТГҲОва НҚАТ0)ни жорий этиш якунланиши кутилмоқда. Бу қандай натижа беради? Электр энергияси ва газ билан боғлиқ ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш, бу эса ўз навбатида энергия манбаларидан янада самарали фойдаланиш ва аниқ прогнозлар қилиш имкониятини оширишга олиб келади.
Шу билан бирга, бугунги кунда ҳудудларда иситиш тизимларининг самарасизлиги масаласи кўтарилмоқда, буни маҳаллий маъмурий органлар билан ҳамкорликда ҳал қилиш зарур. Турар-жойларда айнан керакли иситиш тизими йўқлиги туфайли аҳоли уйини иситиш учун фаол равишда табиий газдан фойдаланмоқда. Бу катта миқдордаги газ сарф қилиниши, шунингдек қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланилишига олиб келмоқда, улардан фойдаланиш эса бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқармоқда. Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, газ иситиш корхоналарини зудлик билан модернизация қилишда зарур эҳтиёж бор. Шунингдек, мамлакатимиз кесимида мавжуд ускуналарни замонавий энергия тежовчиларига алмаштириш муҳим, ушбу ишлар эса мақсадли давлат дастурларида кўзда тутилган. Юқорида санаб ўтилган режаларни амалга оширишда пировард натижага интилишни кучайтириш лозим.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати