Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 20 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, 20 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 223 миллион 400 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 212 миллион 300 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, сутка давомида ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга прогноздаги 94 миллион 696 минг куб метр ўрнига амалда 107 миллион 631 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шу билан бирга, аҳолига 1 минг 311 тонна суюлтирилган газ етказилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 20 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 15 минг 610 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас. Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича, Самарқанд, Наманган, Фарғона Тошкент вилоятларидан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудларидаги масъул мутахассисларига етказилди. Ўчишни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, Хоразм вилоятининг Боғот туманини таъминловчи юқори босимли ер усти қувурда газ сизиб чиқиши билан боғлиқ авария-таъмирлаш ишлари олиб борилиши туфайли 2020 йил 21 декабрь куни соат 14:00 дан 16:00 га қадар туманнинг “Кумбазак”, “Соҳибкор”, “Маънавият”, “Ўзгариш”, “Хунарманд”, “Дехконобод” ва “Навбахор” МФЙларидаги 4 295 та хонадон ва 25 та улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишларини сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.