“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги 3981-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 594-сонли қарорларига асосан, АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 5 миллион 307 минг 346 нафар ёки 72 фоиз истеъмолчиларга ушбу тизим талабларига мос келувчи ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ушбу ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчиларнинг қарийб 2,9 миллион нафари ёки 54 фоизи биллинг тизимига уланди.
Айтиш керакки, АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчиларининг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида модернизация ишларини амалга ошириб бориш ҳисобланади.
Бундан ташқари, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувларини, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинади.
Қолаверса, кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан ажратилганда улар томонидан ўзбошимчалик билан қайта уланиб олиш ҳолатлари мавжуд эди. АСКУЭ тизими айнан шундай ноқонуний аралашишларнинг олдини олади. Дейлик, истеъмолчи томонидан шундай ҳолатга йўл қўйилган ва қарздорлик қопланган тақдирда ҳам ҳисоблагичлар автоматик ёқилмайди. Бунинг учун электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан чоралар кўрилгач, ёқиб берилади.
Шу билан бирга, ушбу тизим орқали жойлардаги катта юкламалар билан ишлаётган трансформатор пунктларини, тармоқларни аниқлашда, юзага келадиган аварияли ҳолатларнинг олдини олишга, ушбу тизим орқали келгусида модернизация ва қурилиш ишларини амалга оширишни ҳамда энг асосийси истеъмолчиларимизга узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун хизмат қилади.
Бу лойиҳа ўзини қанчалик оқлайди? Бунинг техник иқтисодий асослари ҳисоб-китоб қилинган. Лойиҳа ўзини саккиз йилда қоплаши ҳисоб-китоб қилинган. Энг асосийси бу тизим истеъмолчиларимизни безовта қилмасликка ёрдам беради, инсон омилини йўқотади.
Мисол учун, Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида қарздор истеъмолчилар кўпни ташкил қилмоқда. Ҳозир аҳолига тўлиқ ҳисоблагичлар қўйилиб, биллинг тизимига уланганидан сўнг қарздорлар истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш чоралари бошланган. Масалан, Зангиота туманида жорий йил 20 сентябрдан АСКУЭ тизими ишлатила бошланди. Бунгача аҳолининг электр энергияси учун қарзи 56 млрд. сўмни ташкил этаётганди. Ҳозир ушбу сумма 45 млрд.га тушди. Ачинарлиси, бу ҳар йили ўсиб келаётган эди. Хусусан, ушбу туманда сентябрь ойида 7 фоизга ошган эди. Демак, нафақат ошишнинг олди олинди, балки қарздорлик камайишига эришиляпти.
Худди шундай Қибрай туманида аҳолининг қарздорлиги 18 млрд. сўм эди. Ҳозир 8 млрд. сўмга тушди. Тошкент туманида эса бир кунда 4 млрд. сўм тушди. Ваҳоланки, бу туманда тушум бир ойда 500 млн. сўмдан ошмаган.
Қайд этганимиздек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.
Айни кунгача жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар инвестициялари ҳисобидан 5 млн.га яқин замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди. Электрон ҳисоблагичлар Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектраппарат” МЧЖлар томонидан етказиб берилмоқда. Шулардан бири — “Электрон ҳисоблагич” қўшма корхонаси 16 йиллик фаолияти давомида мамлакатимизнинг электр тармоқлари корхоналарига 3 млн.га яқин 1 фазали ва 200 мингдан ортиқ 3 фазали ҳисоблагичларни етказиб берган. Ҳозирги кунда корхонада икки турдаги 1 фазали ва икки турдаги 3 фазали ҳисоблагичлар ишлаб чикарилмоқда. Корхона жамоаси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан 2019 йил 1 мартда тузилган шартномага асосан Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари истеъмолчиларига замонавий электр ўлчов асбоблари етказиб бермокда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати