Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан Жиззах вилояти аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ва сиифатли кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш жараёнлари билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, Энергетика вазирлиги ҳузурида ҳудудларда аҳоли ва саноат короналарини 2020/2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш ишларини сифатли амалга ошириш мақсадида махсус штаб ташкил қилинган.
Республикамизда мавжуд уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар доирасида “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 1 345 400 тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Шундан бюджет ташкилотлари учун — 405 минг тонна ва аҳоли учун — 940 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб бериш кўзда тутилган.
Шу мақсадда мавжуд конларда кўмирнинг устки қатламини очиш ишларини жадаллаштириш ва қаттиқ ёқилғи қазиб олишни кўпайтириш ҳамда тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича изчил тадбирлар олиб борилди. Энергетика вазирлигининг амалий чора-тадбирдари натижасида бюджет ташкилотлари муддатидан аввал, яъни 26 октябрда, аҳоли эса – 3 декабрда режадан ортиқча кўмир маҳсулотлари билан таъминланди.
Қиш мавсуми одатдан ташқари барвақт бошлангани ва кунлар кескин совуб кетиши оқибатида кўмир маҳсулотига бўлган талаб кучайиб кетиши ҳисобга олиниб, ҳукумат томонидан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига аҳоли эҳтиёжлари учун яна қўшимча 149 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш вазифаси юкланди. Ушбу вазифа ҳам Жамият томонидан 23 декабрь ҳолатига муваффақиятли бажарилди.
Аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятнинг ҳудудий филиалларига қарашли мавжуд 91 та омбор орқали амалга оширилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам кўмир билан иситилувчи хонадонларга қиш мавсуми учун етарли миқдорда ва сифатли кўмир етказиб беришнинг барча чоралари кўриб келинмоқда.
Ҳисоб-китоблар бўйича Жиззах вилоятида 29 113 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотларига талаб мавжуд. Шунинг 15 484,1 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ташкил этиб, бугунги кунда ушбу белгиланган режа 101 фоизга бажарилди ва мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан таъминланди.
Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 13 629 тонна бўлиб барчаси маҳаллий кўмир ҳисобига қондириш режалаштирилган. Бугунги кунда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиалига қарашли олтита омборга етказиб берилган маҳаллий кўмир ҳажми 14 117 тоннадан ортди. Ушбу маҳсулотнинг 12 017 тоннаси аҳоли томонидан сотиб олинган. Омборларда 2 100 тонна кўмир захираси мавжуд.
Вилоят аҳолисига кўмирни хонадонларга етказиб берилиши учун ҳам зарур чоралар кўрилди. Хусусан, чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган қишлоқлар (овуллар) аҳолиси учун қўшимча қулайликлар яратиб берилди. Жумладан, Зомин туманидаги Қизилой МФЙ, Янгиобод туманидаги Хўжа Мушкент қишлоғи, Бахмал туманидаги Сангзор, Дўсмат, Новка МФЙларида кўмир савдоси ярмаркалари ташкил этилди. Дўстлик туманидаги Наврўз МФЙда яшовчи кам таъминланган ва “Темир дафтар”да турувчи фуқароларга кўмир маҳсулотлари уйларига олиб бориб берилди.
Жиззах ва Зарбдор кўмир омборларида аҳолига кўмир тарқатиш ишлари айниқса намунали ташкил этилган.
Ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйча
Ҳисоб-китобларга кўра, республика учун йилига 6 миллион тоннадан ортиқроқ кўмир керак. Жорий йилда “Ўзбеккўмир” АЖ ана шу талабнинг 3 миллион 850 минг тоннасини етказиб бермоқда. Эҳтиёжга яраша кўмир қазиб олиш учун очиқ конда кўмир устки қатламини очишни жадаллаштириш асносида 2021 йилда 4 миллион 450 минг тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Ушбу кўрсаткичлар йилдан-йилга ўсиб боради ва уч йил давомида 6 миллион тонналик кўрсаткичга эришилади.
Кўмирга бўлган талабини қондириш учун «Апартак» очиқ конини ривожлантириш ва келгуси йилда кўмир қазиб олишни 2,5 бараварга ошириш ҳамда ялпи 1 млн. тоннага етказиш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда корхона томонидан аҳолига етказиб бериладиган кўмир сифатини сезиларли даражада яхшилаш тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, жамиятнинг ўзида мамлакат бўйича илгари кўмир қазиб олишда ишлатилмаган бешта янги агрегат тайёрланди ва конга ўрнатилиб, ишга туширилди. Шунингдек, кўмирни қазиб олиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш ва тушириш жараёнида парчаланишини қисқартириш мақсадида темирйўллар забойгача узайтирилмоқда.
Маҳсулот реализацияси бўйича
Кўмир маҳсулоти аҳоли ва бюджет ташкилотларига янги ташкил этилган «Кўмир таъминот» МЧЖ томонидан ҳудудлардаги мавжуд 91 та омбор орқали реализация қилинмоқда. Қайд этиш керак, пандемия даврида ушбу омборларни асосий воситалари билан «Ўзтемирйўлёнилғитаъмин» бошқармасидан «Кўмир таъминот» МЧЖ балансига ўз вақтида қабул қилиб олиш имкони бўлмади. Шу боис, аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир тарқатиш ишлари август ойидан бошлашга тўғри келди.
«Ўзбеккўмир» АЖ томонидан етказиб берилаётган маҳаллий кўмир «Кўмир таъминот» МЧЖнинг ҳудудий омборларида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган масъул вакиллардан иборат махсус комиссия орқали далолатнома асосида қабул қилиб олинмоқда. Айни пайтда кўмир маҳсулотини жойлардаги омборларга вақтида етказиб бериш, маҳсулот миқдори ва сифатини таъминлаш, белгиланган талаблар асосида сақлаш, тақсимлаш ва сотиш жараёнлари назоратга олинган. Ушбу тадбирлар натижасида аҳолига ва бюджет ташкилотларига тарқатилаётган кўмирнинг сифати яхшиланишига эришилмоқда.
Сифатли кўмир деганда нимани тушуниш лозими?
Одатда истеъмолчи (аҳоли ва бюджет ташкилотлари)да кўмир сифатига маҳсулотнинг ташқи кўринишига қараб баҳо бериш тушунчаси шаклланган ва бу нотўғри бўлиб, кўмирнинг сифати унинг намлиги, кулчанлиги, ёнувчанлиги ва бошқа қатор жиҳатлари билан ўлчанади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ангрен кўмир конига тегишли қўнғир кўмир қаттиқлик даражаси бўйича 4-шкалада бўлиб, нисбатан юмшоқлик хоссасига эга. Кўмир конидан юкланган ушбу ёқилғи кўмир жамланмасига етказилгач, у ерда лабораториядан ўтказилади ва шу тариқа ҳар бир вагондаги маҳсулотга сифат сертификати берилади. Харидорга кўмирни ўз ҳудудидаги омборлардан сотиб олаётган чоғида ўша сифат сертификатини талаб қилиши тавсия этилади.
Сотиб олинган кўмирнинг ўз инкубация даври ва сақлаш талаблари мавжуд. Тахминан 20 кундан кейин ҳар қандай кўмир ҳам очиқ ҳавода қолса, кун сайин ўз хусусиятларини йўқота бошлайди. Қаттиқ ёқилғининг сифати бузилмаслиги учун уни махсус омборларда, устидан сувоқ қилган ҳолда сақлаш тавсия этилади. Очиқ ҳавода қолган кўмир қуриб, уқаланиб кетиши табиий. Бинобарин, «Ўзбеккўмир» АЖ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига берилган кўмирнинг сифатли сақланишига жавобгарликни ўз зиммасига олмайди.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати билан ҳамкорликда