Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги расман шуни маълум қиладики, “Ўзбекистон Энергетика ҳафталиги” деб номланган тадбирнинг ташкил қилинишига унинг мутлақо алоқаси йўқ.
Тадбир афишаларда кўрсатилишича, у 25-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтади ва унинг ташкилотчиси Investin Network.
Баёнот Энергетика вазирлигига ушбу ҳафталикнинг ташкилотчиси сифатида келиб тушаётган кўп сонли мурожаатларга жавоб қайтариш мақсадида берилмоқда.
Шуни айтиш зарур деб биламизки, Энергетика вазирлиги ушбу ҳафталикнинг ташкилотчиси эмас, унинг тадбирларида иштирок этишни, айни пайтда унинг доирасида учрашувлар ўтказишни режалаштирмаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистонда энергетика соҳасида муҳим тадбирлар - МОЭИФга аъзо мамлакатлар энергетика вазирларининг Биринчи мулоқоти ва «Марказий Осиёнинг энергетика инвестиция форуми – 2019» бўлиб ўтди.
Ташкилотчилардан бири сифатида Энергетика вазирлиги турли форматдаги кўп сонли учрашувлар ва муҳокамаларни ўтказди, шунингдек, вазирлик раҳбарияти аъзолари мамлакатимиз ва хорижий ОАВ га интервьюлар берди.
«Марказий Осиёнинг энергетика инвестиция форуми – 2019» мамлакат энергетика соҳасидаги энг йирик воқеалардан бири бўлди. Форум мазкур йўналишда минтақавий энергетикани ривожлантиришга, жаҳон ҳамжамиятини соҳани тубдан ислоҳ қилинишидан хабардор қилишга, инвесторларга бу борада очиладиган янги имкониятларни тақдим этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика
вазирлиги матбуот хизмати