Тошкентда ўтказилган Марказий Осиёнинг энергетика инвестиция форуми тадбирлари хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг кенг давраси эътиборини тортди. Ўзбекистонга ташриф буюрган журналистлар форумда мамлакат энергетикаси ривожланиши ҳақида атрофлича маълумотлар олиш имкониятига эга бўлди.
Анжуманда «Le Figaro» (Франция) нашри, Буюк Британиянинг қатор нуфузли нашрлари - «Chatham House» ,«Argus Media», «Nuclear Intelligence», «Energy Intelligence», «World Nuclear News», «IntelliNews», Россиянинг «Upstream» нашри ва «Reuters» ахборот агентлиги, Озарбайжон АМИ «Тренд» каби нуфузли ОАВ лари вакиллари иштирок этди.
Форум жараёнида хорижий ОАВ журналистлари учун ушбу соҳада қарор қабул қилувчи шахслардан Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси (ЁЭК) соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида интервью олиш имконияти яратилди. Ушбу мавзу бўйича Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири, шунингдек, Энергетика вазирлигининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари интервью берди.
Шунингдек, хорижий журналистларга мамлакат ёқилғи-энергетика комплекси соҳаси саноат компаниялари билан матбуот анжумани ўтказилди.
Форум доирасидаги тарбирлар билан бирга хорижий ОАВ вакиллари учун 22 сентябрдан 25 сентябргача бўлган муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган йирик нефть-газ объектларига пресс-турлар уюштирилди.
Хорижий ОАВлари вакиллари учун бу каби яратилган қулайликлар уларга Ўзбекистон ЁЭК ривожланишининг турли йўналишлари бўйича кенг кўламли маълумотларни тўплаш имконини берди. Бу эса уларнинг келгуси материаллари учун бой манба бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати