2021 йил 14 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги биносида Энергетика вазири Алишер Султановнинг мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплекси соҳасида халқаро инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек янги имкониятларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик миссиялари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистоннинг қарийб 30 нафар Фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этди.
Хусусан, учрашув чоғида “500 кВ ли Сурхон-Пули-Хумри электр узатиш тармоғи қурилиши (Афғонистон) лойиҳаси бўйича келишув ижроси, турк компаниялари билан ҳамкорликда қуввати 940 МВт бўлган 4 та янги ИЭС қурилишининг бориши, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Франция ва бошқа давлатлар компаниялари билан амалга оширилаётган қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) лойиҳалари қурилишларининг бориши муҳокама қилинди.
Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон дипломатик миссиялари билан ҳамкорликда ЁЭК соҳасида кўзда тутилган лойиҳаларни тезкорлик билан амалга ошириш мақсадида бу ва бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда мазкур ҳамкорлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва Ўзбекистон энергетика соҳаси учун янги бўлган давлат-хусусий шериклигига асосланади.
ДХШ асосидаги лойиҳалар ижроси доирасида, хусусан қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши бўйича тендерда иштирок этиш бўйича 80 тагача потенциал хорижий инвестор ариза топширмоқда.
Хорижий инвесторларнинг ЁЭК соҳасидаги лойиҳаларга қизиқиши ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда Энергетика вазирлиги раҳбариятининг дипломатик миссия раҳбарлари билан бундай тўғридан-тўғри учрашувларини режа асосида ўтказиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон элчиларининг энергия лойиҳалари амалга оширилишини жадаллаштиришда бевосита иштирок этиши Ўзбекистон энергетика мустақиллигига эришишга салмоқли ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати