Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 13 январь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва 14 январь кунидаги чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, кеча, 13 январь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 209 миллион 700 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 206 миллион 600 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, сутка давомида ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга жами 102 миллион 510 минг метр куб табиий газ етказиб бериш режалаштирилган ҳолда амалда 102 миллион 880 минг метр куб табиий газ етказиб берилди. Шунингдек, республика истеъмолчиларига жами 1 минг 886 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 13 январь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 10 минг 795 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
“Янги-Ангрен ИЭС” АЖнинг 2- ва 3-сон энергоблоклари қозон агрегатининг иссиқлик алмашинув юзасида нуқсон аниқланганлиги сабабли энергоблокларда таъмирлаш ишлари олиб борилмокда. 3-сон энергоблокда таъмирлаш ишлари 15 январга қадар тўлиқ якунланиб, ишга туширилади. 2-сон энергоблок қозонида совутиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ангрен ИЭС” АЖнинг 5-сон турбоагрегати подшипникларида нуқсон юзага келганлиги сабабли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 3-сонли қозон агрегатида 12-22 январь кунларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Қолган барча станциялар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича жиддий эътирозлар мавжуд эмас.
Шунингдек, 13 январь куни, соат 11:00-17:00 вақт оралиғида “Chilonzortumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан тумандаги “Чилонзор” ва “Чорбоғ” кўчаларидан ўтган ер усти газ қувурларида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли, “Чорбоғ” кўчасида 42 та, “Бешқўрғон” кўчасида 40 та, “Чилонзор” ва 1-берк кўчасидаги 50 та ерли аҳоли хонадонларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди. Таъмирлаш ишларидан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Ромитан туман “Қаҳрамон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи юқори босимли газ қувуридаги авария ҳолатини бартараф этиш мақсадида 13 январь куни соат 14:00 дан соат 17:00 га қадар туманнинг “Ибн Сино”, “Садр”, “Деча”, “Навбаҳор”, “Малишояк”, “Боғимусо”, “Валфажир”, “Пешкў”, “Янгибозор”, “Мустақиллик” ва “Чиғирчи” МФЙларида табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилганидан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Бугун, 14 январь куни соат 11:00-16:00 вақт оралиғида “Sergelitumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан туманнинг “Қум Ариқ” МФЙдаги кириш кўчаларидаги электрон газ ҳисоблич ускуналарни Давлат қиёслов кўригидан ўтказиш ишлари олиб борилганлиги сабабли, “Қум Ариқ” МФЙдаги 298 та ерли аҳоли хонадонларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
2021 йил 14 январь куни соат 11:00-17:00 вақт оралиғида “Olmazortumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан тумандаги “Гулзор” МФЙ, "Шумилов" кўчасида жойлашган ўрта босимли ер усти газ қувурида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли, “Гулзор” МФЙдаги 85 та ерли аҳоли хонадонларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Қарши шаҳрининг “Буюк турон” маҳалласи ҳудудидан ўтган юқори босимли газ қувурида аниқланган авария ҳолатини зудликда бартараф этиш мақсадида, 2021 йил 14 январ куни соат 15:00 дан 17:00 га қадар Қарши шаҳрининг “Буюк турон”, “Темир йўлчи”, Қарши, Арал ҳамда Худойзот маҳаллаларида табиий газ таъминоти тўхтатилди.
2021 йилнинг 14 январь куни Сариосиё ва Узун туманларига етказувчи юқори босимли газ қувурида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли, Сариосиё туманидаги 4 857 та хонадон ва 112 та улгуржи истеъмолчиларда соат 11:00 дан 13:00 гача ҳамда Узун туманидаги 3 859 та хонадон ва 81 та улгуржи истеъмолчиларда соат 13:00 дан 15:00 гача табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.