Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ишини сифатли ташкил этиш, уларда автотранспортга хизмат кўрсатилишини яхшилаш мақсадида сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 1070 дан зиёд автомобильга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолият юритмоқда. Уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун етказиб берилаётган газнинг зарур ҳажмини аниқ ҳисоб-китоб қилиш ва улар ҳар куни автотранспортга қуйилаётган газга оид маълумотларнинг шаффофлигига асосланган бўлиши лозим.
Шу билан бирга АГТКШда ўтказилаётган текширувлар давомида газ ўлчаш ускунасига АГТКШ эгаларига “фойда” келтиришга хизмат қиладиган ташқи таъсир ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Газнинг бу тарзда талон-торож қилиниши, шунингдек айрим АГТКШларда мижозларни жалб қилиш учун бошқаларга нисбатан нархларни вақтинча камайтириш имконини бериб, бу эса автотранспорт эгаларида реал нархлар борасида янглиш фикрлашига олиб келади ва одамларнинг асоссиз норозиликларига сабаб бўлади.
Сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими транспортировка вақтида олинаётган ва юборилаётган маълумотларни аниқ ҳисобга олиш, газ оқими кирими ва чиқимини назорат қилиш имконини бергани ҳолда ҳисоб жараёнида инсон омилини бартараф этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари айниқса совуқ кунларда уйи АГТКШ яқинида жойлашган истеъмолчилардан доимий равишда газ босими камайиб кетаётганлиги тўғрисида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Газ тақсимотини мувозанатлаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим жорий этилиши билан мазкур муаммо ҳам бартараф этилади.
АГТКШларда газ етказиб берилиши ва унинг автотранспорт воситаларига сотилиши жараёнларининг шаффофлиги қонунбузарликларга барҳам бериш ва ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини беради. Бу эса нафақат аҳоли, балки тадбиркорлар учун ҳам муҳим.
АГТКШларда автотранспорт воситаларига сотилган газ миқдорини онлайн назорат қилиш жорий этилгач, газ ўлчаш ускунаси ишига аралашиш мумкин бўлмайди.
Янги тизимнинг жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазрилигига газ оқимини онлайн тартибда назорат қилиш, Давлат солиқ қўмитасига эса сотилаётган маҳсулот ҳисобини шаффоф юритиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати