Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 2 февраль куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда 3 ва 4 февраль кунларидаги чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, кеча, 2 февраль куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 203 миллион 400 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 199 миллион 600 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, сутка давомида ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга жами 88 миллион 800 минг куб метр табиий ва 1 минг 969 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 2 февраль куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 13 минг 521 тонна кўмир маҳсулотлари ҳудудларга етказиб берилди.
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳар, “Чамбил” МФЙ, Чамбил кўчасидан ўтказилган ер усти ўрта ва паст босим газ қувурида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли, 2 февраль куни соат 08:00 дан 18:00 га қадар мазкур кўчадаги 91 та аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилди.
Ўртачирчиқ тумани, “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудидан ўтган (“Чапаев” номли) юқори босимли газ қувурида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли, 2 февраль куни соат 13:00 дан 18:00 гача ушбу ҳудуднинг “Бектемир”, “Янги ҳаёт”, “Ўчоқли”, “Бунёдкор” МФЙлардаги 3375 та аҳоли хонадонларида газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Бухоро вилоятининг Жондор туманига табиий газ етказиб берувчи юқори босимли ер ости газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланганлиги ҳамда таъмирлаш ишларини бажариш мақсадида жорий йилнинг 1-2 февраль кунлари соат 8:00 дан 17:00 га қадар Жондор туманида табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилганидан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Бухоро шаҳар Ж.Икромий ҳамда А.Тўқай кўчаларидан ўтувчи мавжуд ўрта босимли ер ости газ қувурларини таъмирлаш мақсадида 2 февраль куни соат 9:00 дан 17:00 га қадар Бухоро шаҳридаги “Низомий”, “Ж.Икромий”, “Туркий Жандай”, “Ҳамид Олимжон”, “А.Фитрат” МФЙларига қарашли кўчаларда табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида жойлашган “Турват” газ тақсимлаш станциясида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги муносабати билан Марғилон шаҳар ҳудудидаги “Надирмат”, “Туягум”, “Зуҳро”, “Гулистон”, “Саховат”, “Милтиқсоз” ва “Чилонзор” МФЙларида яшовчи 6931 та аҳоли хонадонлари ва 85 та улгуржи истеъмолчилар, шунингдек, Тошлоқ туманидаги 4775 та аҳоли хонадонлари ва 52 та улгуржи истеъмолчиларда 2 февраль куни соат 11:00 дан 14:00 га қадар табиий газ таъминотидан вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Бухоро шаҳар “Туткунда” МФЙ ҳудудидан ўтувчи ўрта босимли ер усти газ қувурида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли, бугун, 3 февраль куни соат 11:50 дан 17:00 га қадар мазкур МФЙдаги 800 та хонадонда табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Қарши шаҳар автомобил йўлларида кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги муносабати билан, 3 февраль соат 13:00 дан кеч соат 17:00 га қадар Равоқ, Узуннаво, Тўқманғит, Обидида, Шайхали, Гулистон, Кўчкак маҳаллаларида табиий газ таъминоти тўхтатилди. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланди.
Шунингдек, 4 февраль куни соат 11:00-17:00 вақт оралиғида “Sergelitumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан Сергели тумани 5-мавзеда жойлашган объектда паст босимли ер ости газ қувурини ҳаракатдаги газ қувурига улаш ишлари олиб борилади. Шу муносабат билан туманнинг 5-мавзесидаги 9- қаватли 105, 106, 107, 108, 109 ва 110 уйларнинг жами 288 та аҳоли хонадонлари табиий газ таъминотидан вақтинчалик тўхтатилади. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланади.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.