Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва «Eriell Group» халқаро нефть-сервис компанияси томонидан Ўзбекистон нефть-кимёвий ва электр энергетика тармоғи фаолияти билан таништириш мақсадида хорижий ва мамлакатимиз ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди.
Хорижий ОАВ, шу жумладан, Reuters, Le Figaro, Chatham House, Argus Media, Nuclear Intelligence, Energy Intelligence, Upstream, World Nuclear News, IntelliNews, Trend news Agency каби нашрлар вакиллари илк бор Сурғил газ конида ва «Uz-Kor-Gaz Chemical» МЧЖ ҚК Устюрт газ-кимё комплексида бўлди.
Журналистлар газ конини, газни қазиш, йиғиш, тақсимлаш ва қайта ишлаш жараёнини кўришга муваффақ бўлди. Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида, Устюрт платосининг жанубий қисмида (Қорақалпоғистон Республикаси) жойлашган газ-кимё комплекси билан танишди.
Сурғил газ кони илк бор 1998 йилда фойдаланишга топширилган, унинг разведкаси ва бурғулаш ишлари «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан амалга оширилди. 2006 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Korea Gas Corporation» Корея Газ Корпорацияси ўртасида Сурғил конини комплекс ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.
2013 йилда «Uz-Kor Gas Chemical» ўзбек-корейс қўшма корхонаси қурилишининг фаол фазаси бошланди. Комплекс муддатидан аввал, 3 йилу 3 ойда қуриб битказилди. 2013 йилда «Uz-Kor-Gaz Chemical» МЧЖ ҚК бошқарувга киришгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори доирасида Сурғил кони негизида конни ободонлаштириш билан бирга Устюрт ГКК қурилиши бўйича тендер эълон қилинди. Тендер савдолари доирасида қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлаш бўйича иккита шартнома имзоланди.
Бурғулаш пайтида 2013 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда 35 та қудуқ ўзлаштирилди. 2016 йилдан ҳозирги пайтгача яна 50 та қудуқ ўзлаштирилди. Битта қудуқнинг узунлиги 2950 метрни ташкил этади. Шу кунгача ишлар тўхтовсиз, туну кун давом эттирилмоқда.
Газ қудуқларидан олинаётган барча маҳсулот 2015 йилнинг сентябридан «Uz-Kor-Gaz Chemical» МЧЖ ҚК ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан барпо этилган “Устюрт ГКК” комплексига келиб тушмоқда.
Ушбу комплекс 5 заводдан ташкил топган: газ тақсимлаш заводи; этилен ишлаб чиқариш бўйича завод; полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича завод; полипропилен ишлаб чиқариш бўйича завод; энергоресурслар билан таъминлаш бўйича завод.
Асосий ускуналар Германия, Франция, Япония, АҚШ, Швеция, Нидерландия ва Кореянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари томонидан яратилган.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати қуйидагича:
- “Сурғил” конидан йилига 3,0 млрд. кубометр табиий газ қазиб олинади ва транспортировка қилинади;
- “Сурғил” конидан йилига 115 минг тоннадан ортиқ газ конденсатини қазиб олиш, дастлабки тайёрлаш ва транспортда ташиш;
- Устюрт газ-кимё комплексида чуқур ишлов бериш ва қимматли компонентларини ажратиб олиш.
Комплекснинг умумий йиллик қуввати қуйидагича:
- 387 минг тонна полиэтилен;
- 83 минг тонна полипропилен;
- 102 минг тонна пиролиз дистилляти
- 8 минг тонна пиролиз мойи (у кейинги ишлов бериш ва маҳсулот олиш учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига жўнатилади).
Ҳозирги пайтда ишлаб чиқарилаётган полимер маҳсулот экспортга, Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа давлатларига жўнатилмоқда. Шунингдек, ички бозор орқали ЎзРТХБ нинг савдо майдончаси орқали сотилмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий фойда ҳақида сўз кетганда, айтиш зарурки, 1480 дан ортиқ иш жойлари ташкил қилинди, айни пайтда тегишли ёрдамчи хизматларда билвосита бандлик яратилди.
Хусусан, қуйидагилар бўйича мавжуд инфратузилма яхшиланди:
- ичимлик суви тизими;
- ишончли энергия таъминоти;
- транспорт инфратузилмаси (йўллар, т/й);
- ижтимоий инфратузилманинг барпо этилиши (мактаблар, касалхоналар, боғчалар ва ҳ.з.)
Комплекс ходимлари яшаши учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, янги турар жой посёлкаси бунёд этилди. Ҳозирги пайтда 140 та коттеж, 144 кишилик 3 та ётоқхона, бозор қурилди. Болалар боғчаси, мактаб, поликлиника қуриш ва посёлка инфратузилмасини янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида, узоқ йиллар давомида муваффақиятли фаолият юритгани, малакали ходимлари ва инфратузилмаси мавжудлиги туфайли 2012 йилда лойиҳа «Project Finance International» халқаро нашри томонидан нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги энг яхши лойиҳавий-молиявий битим деб тан олинди. Trade Finance Magazine ва Global Trade Review нашрлари томонидан “2012 йилнинг энг яхши битими” деб тан олинган.
2014 йилда ушбу лойиҳага Infrastucture Journal халқаро нашри томонидан “2014 йилнинг глобал битими” мукофоти берилган.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.