Президентимиз ташаббуси билан бошланган ғоят эзгу ташаббус – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад – шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий шарт-шароит яратиш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришишдир.
Бу борада “Ўзэнергоинспекция” Тошкент ҳудудий бўлими томонидан маҳаллалар қиёфасини янада обод қилиш, аҳоли ўртасида “Обод кўча” ва “Обод хонадон” мезонларини кенг тарғиб этиш механизмининг ижроси бўйича Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ўрганишлар ўтказилди.
Хусусан, ўтказилган ўрганишлар давомида электр энергияси истеъмолчиларидан кўп қаватли уйларда ҳамда аҳоли ўртасида юзага келиб ечимини топмаётган мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича мурожаатлари тингланди.
Олмалиқ шаҳри “Бўстон” МФЙ ҳудудидаги Халқлар дўстлиги, Ғалаба, Бахт, Гулзор, Ўрикзор, Бодомзор кўчаларида истиқомат қилувчи фуқаролар ва маҳалла фаоллари томонидан электр тармоқларнинг яроқсиз ва қониқарсиз аҳволга келиб қолганлиги билдириб ўтилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация килиш дастури тўғрисида”ги ПК-2661 сонли Қарори асосида бугунги кунга келиб ушбу маҳалла кўчаларида Олмалиқ шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан паст кучланишли электр тармоқларида модернизация ва реконструкция ишларини амалга оширмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” Матбуот хизмати