Фарғона НҚИЗ илгари заводда ишлаб чиқарилмаган “Евро-4” стандартидаги дизель ёқилғисининг илк партиясини биржа савдосига қўйди.
Маълумки, илгари Фарғона НҚИЗда ишлаб чиқарилаётган дизель ёқилғиси сифати “Евро-2” стандартидан ошмасди. Ушбу ёқилғининг сифатини дунё стандартларига мослаштириш мақсадида ФНҚИЗни модернизация қилиш дастурининг биринчи босқичи доирасида дизель ёқилғисини гидротозалаш қурилмаси (ГДС) катализатори Франциянинг Axens компаниясининг янги ва энг замонавий катализаторига алмаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ФНҚИЗ мутахассисларининг кўп йиллик тажрибаси туфайли янги катализатор ГДС қурилмаси реакторига Axens компанияси мутахассислари иштирокисиз мустақил равишда ўрнатилди. Кейинчалик тегишли ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилгач, саноат миқёсида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек экологик тоза ва сифатли “Евро-4” стандартидаги дизель ёқилғиси учун мувофиқлик сертификати қўлга киритилди.
Бугун, 2021 йилнинг 29 март куни заводда илгари ишлаб чиқарилмаган “Евро-4” стандартидаги дизель ёқилғисининг илк партияси Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали савдога қўйилди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Фарғона НҚИЗ Матбуот хизмати