“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизда табиий сув энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланиш, янги ГЭСларни қуриш, мавжудларини модернизация қилиш борасида инвестициявий лойиҳалар асосида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
2020 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этади. Бу эса, қўшимча 543 млн. кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқарилади.
“Зарчоб-1” кичик ГЭСнинг қурилиши Президентимизнинг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сонли ҳамда 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4067-сонли қарорлари асосида олиб борилди.
Станциядаги гидроиншоотлар синов-тажриба жараёнидан муваффақиятли ўтди. Тўполанг дарёсидан сув олиб ўтувчи Зарчоб-1 КГЭСга келувчи 480 метр узунликдаги туннел ва 1 300 метр узунликдаги каналда сув ҳайдалиб, синов ишлари ўтказилди. Босимли ҳовуздаги сув кўтариш иншоотлари ишчи шай ҳолатига келтирилиб, белгиланган тартибда синовдан ўтказилди.
Бугун, 3 апрель куни “Зарчоб-1” кичик ГЭС туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, “Зарчоб-1 кичик ГЭС” масъул вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. “Зарчоб-1” кичик ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 37,4 МВтни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу объектдаги қурилиш ишлари 2017 йилнинг август ойида бошланган эди. ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилди.
Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. ГЭСлар томонидан экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда, барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, вилоят саноат корхоналари, турли идоралар ва маҳаллий аҳолига етказиб берилади.
Мазкур гидроэлектр станциянинг ишга туширилиши натижасида бир йилда ўртача 101 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 33 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.
Мазкур лойиҳани ишга туширилиши натижасида Сурхондарё вилоятининг электр энергияга бўлган талабининг муайян қисмини, саноат ва иқтисодиёт корхоналарини гидроэнергия ҳисобидан таъминлаш имкони вужудга келади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда, халқимиз хонадонларидаги ёруғлик манбаи барқарорлигини, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолиси турмуш фаровонлигининг ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим замин яратади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати