“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан жорий йилга белгиланган газтранспорт тизимини реконструкция, модернизация ва қайта қуриш ишлари салмоғи 400 километрдан ортиқ ҳажмда этиб белгиланган.
Жумладан, “Урганчтрансгаз” УКнинг Қўнғирот магистрал газ қувурлари бошқармаси хизмат кўрсатадиган Бухоро-Урал магистрал газ қувурининг 2-тармоғида 56 километр узунликдаги қисмини қайта қуриш ишлари бошланди.
Куни-кеча Россиядан диаметри 1020 мм қувурнинг 27 километри 142 та махсус вагонда Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани Олтинкўл темир йўл станциясига етиб келди. Станцияда махсус техникалар ёрдамида қувурлар туширилмоқда.
Тез кунларда қолган 29 километр қувурнинг етиб келиши кутилмоқда. Ҳозирда Бухоро-Урал 1-, 2- тармоқ оралиғидаги траншеяларни қазиш, трубаларни монтаж қилиш учун махсус техникалар ёрдамида ер текислаш ишлари олиб борилмоқда. Айни жараёнга 300 дан ортиқ малакали мутахассис ва ишчи ходим ҳамда 30 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинган.
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати