Наманганда 4 та кўп қаватли уйда жойлашган 96 та хонадонга 192 та умумий қуввати 58 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди.
Ушбу лойиҳа “Sun-Hightech” масъулияти чекланган жамияти томонидан БМТнинг ПРООН/ГЭФ лойиҳаси ёрдамида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ жойларида энергия тежамкор уй-жой қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” дастури доирасида амалга оширилди.
Уйчи туманидаги тўрт қаватли янги уйларга жами 192 та қуёш панеллари ўрнатилган. Мазкур қуёш электр станциялари хонадонлардаги маиший техникалар, жумладан ёритиш чироқлари, телевизор, музлатгич, компьютер каби электр жиҳозларини марказий электр таъминотидан алоҳида, мустақил (автоном) равишда таъминлаш имконини беради.
Ушбу қуёш электр станцияларига узлуксиз равишда техник хизмат кўрсатиш мақсадида мазкур кўп қаватли уйларда яшовчи ёш мутахассис доимий равишда ишга қабул қилинди.
БМТ томонидан амалга оширилаётган мазкур грант лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион сўмни ташкил этиб, лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг 5 та ҳудуди қамраб олинади. Жумладан, Наманган вилоятидан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ҳам қуёш панеллари ўрнатилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати