2021 йилнинг 3 май куни “ACWA Power”, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида шамол энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.
Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистонда 1500 МВт қувватга эга шамол энергетикасини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишдан иборат бўлиб, у фойдаланишга топширилгандан сўнг Марказий Осиё минтақаси ва дунёдаги энг йирик шамол электр станциясига айланади.
“Ушбу лойиҳа мамлакатингиз учун яна бир муҳим ютуқ ҳисобланиб, “ACWA Power” компаниясининг улкан қайта тикланадиган энергия манбалари ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун Ўзбекистонда ривожланиб бораётган бозор иқтисодиёти шароитида мамлакатингиз билан ҳамкорликда ишлашга содиқлигини кучайтиради”, – деди Саудия Арабистони компанияси раиси Муҳаммад Абунайян.
“Энергия ишлаб чиқарувчи сифатида биз Ўзбекистонда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда Яқин Шарқ ва айниқса Саудия ҳамкорларимиздан кўп нарсаларни ўрганмоқдамиз. “ACWA Power” лойиҳаси ушбу жараёнга катта ҳисса қўшади. Бизнинг режамиз 2030 йилга бориб электр энергиямизнинг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқаришдир”, – деди Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев.
Лойиҳа тахминан 4 миллион хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириши ва йилига тахминан 2,5 миллион тонна карбонат ангидрид газини қоплаши кутилмоқда. Бу Ҳукуматнинг ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун ўн йил ичида қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириш мақсадларига бевосита ҳисса қўшади.
Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг энергетика соҳасида амалга оширилаётган стратегик ислоҳотларга мувофиқ мамлакатнинг энергия балансини диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
“АCWА Power” компанияси шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида йил бошида тузилган умумий ишлаб чиқариш қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол энергетикаси лойиҳасининг инвестори ҳисобланади. Бу борада электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартномалар (PPA) ва инвестиция шартномалари имзоланди. Бундан ташқари, Саудия компанияси Сирдарёда юқори самарадорликка эга бўлган, умумий қуввати 1500 МВт га тенг бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати