“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” томонидан жорий йилнинг 19 май кунидан бошлаб янги маҳсулот – АИ-95 маркали автомобил ёқилғисининг илк партияси биржа савдосига қўйилди.
Ушбу маҳсулот “Фарғона НҚИЗ” МЧЖ томонидан сўнгги пайтларда заводда йўлга қўйилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида ўзлаштирилди. Сўнгги икки ой ичида “ФНҚИЗ”да “ЕВРО-4” стандартидаги дизель ёқилғиси ва Б-92 маркали юқори октанли авиация бензини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Заводда илгари ишлаб чиқарилаётган АИ-95 маркали юқори октанли автомобил ёқилғисига келадиган бўлсак, “ФНҚИЗ” мутахассислари унинг янги формуласида фақатгина гидрокаталитик жараёнларнинг таркибида олтингугурт миқдори кам бўлган сифатли бирикмалардан фойдаланган бўлиб, улар иш режими ва атроф-муҳит ҳароратидан қатъий назар двигателларнинг нормал ишлашини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Товар-хом-ашё биржаси орқали савдога қўйилган АИ-95 бензини хоссалари янада яхшиланган ва чиқинди гази билан заҳарланиш даражаси паст бўлган олий навли бензин сирасига киради.
Янги ишланмалар устида ишлаш ва “Фарғона НҚИЗ”ни модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
“Фарғона НҚИЗ” Матбуот хизмати