Жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Ўзбекистон энергетика, нефть ва газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан ҳамкорлигида ташкил этилган ёқилғи-энергетика комплекси ёшларининг биринчи Форумига старт берилди.
“Ёшлик энергияси” шиори остида ўтказилаётган форум халқаро аҳамиятга эга бўлиб, унда қўшни мамлакатлар, хусусан, Россия Федерацияси ва Беларус давлатларидан келган ёшлар вакиллари иштирок этмоқда.
Кенг кўламли тадбири санитария хавфсизлиги қоидаларига, форум иштирокчилари томонидан тиббий ниқоб режимига риоя қилинган ва бошқа зарур талабларга алоҳида аҳамият берган ҳолда ташкил этилди.
Энергетика вазирлиги биринчи бор энергетика соҳасидаги турли ташкилотларнинг вакиллари бўлган турли хил касб ва ижтимоий фаолиятдаги истеъдодли ва фаол ёшларнинг катта делегациясини қабул қилмоқда.
Хусусан, “Eriell Group”нинг ёш мутахассислари ва ишчи-ходимлари, Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвестор компания – “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича тақдимотлари, Марказий Осиё ва Россия Федерациясидаги нефть-газ ва саноат қурилиш бозоридаги энг йирик “EPC” компаниясининг ёш мутахассислари, “Enter Engineering” Pte. Ltd компанияси инновацион лойиҳа тақдимолари билан, шунингдек, “ACWA Power”, “Masdar” ва “Siemens Energy” каби бошқа компаниялар иштирок этмоқда.
Форум иштирокчиларининг умумий сони 500 нафардан ортиқни, жумладан, ёқилғи-энергетика соҳасидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни ташкил этди.
Форум ижтимоий фаол, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг профессионал ва ижодий фаолиятларини такомиллаштириш, энергетика тизими компаниялари ва ташкилотлари, хорижий компаниялар ва касаба уюшмаларининг фаол ёшлари ўртасида ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш, ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида ўтказилмоқда.
Мамлакат ёқилғи-энергетика соҳасининг ривожланиши – соҳа ёшларининг саъй-ҳаракатлари ва муваффақиятларига ҳам боғлиқ. Форумнинг асосий ғояси “Баркамол ёш мутахассис – қудратли юрт таянчи!” шиори билан белгиланади. Уни амалга ошириш доирасида 19-23 май кунлари ёшлар учун қуйидаги “Тизимли ва креатив фикрлаш”, “Шахсий ўсиш ва ўз-ўзини ривожлантириш”, “Лойиҳа ва жараёнларни бошқариш”, “Индивидуал ва жамоавий ишлаш”, “Соҳалараро алоқа” каби йўналишлар бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.
Шунингдек, атом энергетикаси Форумнинг алоҳида мавзуси бўлади. Унда “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси кўмагида Атом технологиялари бўйича ахборот марказининг (АТАМ) чиқиш зонаси ташкил этилади, бу ерда иштирокчилар ядро технологиялари соҳасидаги билимларини ўйин шаклида ва шунингдек, “Нима? Қаерда? Қачон?” мавзусида билим ва кўникмаларини синовдан ўтказадилар.
Форумда “Eriell Group” компаниясининг ёш мутахассислари ва муҳандислари компания фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказадилар. Унда мутахассислар бурғулаш соҳасида юқори технологияли хизмат кўрсатишга замонавий ёндашувлар ҳақида сўзлаб беришади ва Республикадаги энг мураккаб лойиҳаларни амалга ошириш тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Шунингдек, тақдимотда ҳар бир иштирокчи Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган энг йирик хизмат кўрсатувчи компанияларидан бири тўғрисида қўшимча маълумот ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкин бўлади.
Форумни ўтказиш ташаббуси биринчи бўлиб жорий йилнинг 27 февраль куни Энергетика вазири Алишер Султановнинг Сирдарё вилояти, Ширин шаҳрида ёқилғи-энергетика комплекси соҳасидаги ёшлар билан очиқ-мулоқот шаклида ўтказган учрашувида эълон қилинган эди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошидан буён илмий анжуманлар, тренинглар, маҳорат дарслари, шунингдек, ёшлар учун спорт тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирлар Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон энергетика, нефть ва газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, ёқилғи-энергетика комплекси ташкилотлари ва ихтисослаштирилган институтлар билан биргаликда ташкил этилмоқда.
Форум натижаси тадбирнинг асосий ғоясини рағбатлантиришга қаратилган тематик майдонлар иштирокчиларнинг таклифларини акс эттирувчи якуний дастур ҳужжати бўлади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати