Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Нарматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилоятида истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан бир маромда таъминлаш ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Йиғилишда Тошкент вилоятида газ таъминоти хўжалигини 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш, табиий газнинг йўқотилишини олдини олиш ва АСКУГ тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Хусусан, 2020-2021 йил куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилишида йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Ва бу борада жорий йилда ушбу камчиликларга йўл қўймаслик бўйича мутасаддиларга белгиланган чора-тадбирларни юқори даражада ташкил этиши юзасидан топшириқлар берилди.
Маълумот учун, Тошкент вилояти истеъмолчиларига жорий йилда жами 2 миллиард 893 миллион куб метр табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган мавсумга нисбатан 151,4 миллион куб метрга кўпни ташкил қилади. Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида 12 минг 921 км газ қувурлари ва 10 минг 891 та газ тақсимлаш пунктларидан фойдаланилади.
Шунингдек, вилоятда 45 минг 798 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, жорий йилда 4 минг 198 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган. Бу ўтган мавсумга нисбатан 55,3 тоннага кўпни ташкил қилади. Истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида 2 та автоцистерна ва 27 та ISUZU автомашинасидан фойдаланилади. Вилояда 3 та газ тўлдириш станцияси ва пунктлари ҳамда 1 та газ баллон сақлаш сервис марказлари фаолият юритади.
Шунингдек, бугунги кунда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) жориш этиш асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланиб, бу борада ҳам белгиланган режаларни сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Вилоят бўйича истеъмолчиларига жами 593 минг 513 та замонавий табиий газ ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 284 минг 602 та ҳисоблагичлар ўрнатилди. Бу ишларни жорий йилнинг 1 декабрига қадар 100 фоиз ўрнатиб бўлиш топшириғи берилди.
Энергетика вазирлиги Ишчи гуруҳи томонидан бошқа ҳудудларда ҳам ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати