Хабарингиз бор, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида халқаро иқтисодий форум ўтказиляпти. Унинг доирасида бугун “Ўзтрансгаз” АЖ ҳамда Газпромбанк ўртасида 300 млн. долларлик қисқа муддатли бридж-молиялаштириш юзасидан келишув имзоланди.
Мазкур маблағлар 545 км узунликдаги газ қувурларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилишни кўзда тутган “2021-2022 йилларда Ўзбекистон газтранспорт тизимини модернизация қилиш ва самарадорлиги ошириш дастури”ни амалга ошириш ҳамда “Газли” компрессор станциясини капитал таъмирлашга йўналтирилади.
Навбатдаги босқичда етакчи халқаро молиявий институтларни жалб қилган ҳолда лойиҳа молиялаштириш ёхуд давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида узоқ муддатли молиялаштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
“Газпромбанк Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори сифатида нефть ва газ саноатида қатор йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этади. Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ривожланаётганидан мамнунмиз ҳамда мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқяпмиз”,- деди "Газпромбанк" бошқарув раиси ўринбосари Алексей Матвеев.