Жаҳон Банки директорлар Кенгаши магистрал электр тармоқ подстанцияларини модернизация қилиш ва тизим фаолиятини рақамлаштириш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун 380 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишини маъқуллади
2021 йил 25 июнь куни Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки Ижрочи директорлари Кенгаши томонидан “Электр энергетикаси секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш” лойиҳаси тасдиқланди. Лойиҳада Ўзбекистоннинг миллионлаб истеъмолчилари, ишлаб чиқариш корхоналари, йирик саноат ва кластер мажмуалари электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг барқарор фаолияти ривожлантириш кўзда тутилган.
Лойиҳа Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) 380 миллион АҚШ доллари ҳисобидаги кредити ва “Барқарор қайта тикланадиган энергия хатарларини камайтириш ташаббуси” дастури доирасида Яшил Иқлим Фонди (ЙИФ) томонидан ажратиладиган 43 млн АҚШ доллари ҳисобидаги кредит билан қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ушбу молиялаштиришни жуда паст фоизли ставкалар ҳамда узоқ муддатли — 40 йилгача қайтариш шарти билан олиши назарда тутилган. Шунингдек, ЙИФ мазкур лойиҳа фаолиятини қоплаш учун 4 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратади.
Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2030 йилга келиб 100 тераватт•соатдан ошиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, 2018 йилдаги 61 ТВт•соатдан сезиларли даражада ўсиш дегани. Мамлакатда 250 минг километрдан ортиқ электр узатиш ва тақсимлаш тармоқлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар қурилган бўлиб, самарали эксплуатация муддатини ўтаб бўлган. Табиийки, эскирган инфратузилма электр энергиясининг юқори кўрсаткичли технологик сарфлари ҳамда турли носозликларга сабаб бўлади. Бу йўқотишлар соф ишлаб чиқариш — генерациянинг тахминан 20 фоизини ташкил этиб, электр энергияси таъминотидаги носозликлар бутун мамлакат бўйлаб иқтисодий фаолият ва фуқаролар фаровонлигига путур етказади.
“Ушбу янги трансформацион лойиҳа Ҳукуматнинг электр энергетикаси соҳасининг самарали ишлаши ва ўсишидаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадини қўллаб-қувватлайди. Бу эса “Ўзбекистон МЭТ” АЖни замонавий, шу билан бирга, тижорат томонидан бошқариладиган компанияга айлантириш ва электр энергиясини узатиш миллий тизимини модернизация қилиш учун шарт-шароит яратади. Ушбу чора-тадбирлар тахминан 32 миллион истеъмолчини ишончли электр таъминоти билан таъминлайди ва энг муҳими, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқариш бўйича янги йирик лойиҳаларни тармоққа бирлаштиришга имкон беради” – дея таъкидлайди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги менежери Марко Мантованелли.
Лойиҳа “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг устувор инвестиция дастурининг бир қисмини молиялаштириш орқали эскирган энергия инфратузилмасини модернизация қилишга ёрдам беради. Бошқа тадбирлар билан бир қаторда лойиҳа доирасига 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни янгилаш ва кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг 11 минтақасида янги 500 кВ кучланишли подстанция ва у билан боғлиқ электр узатиш тармоқларини қуриш киради.
Лойиҳа замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ҳамда электр энергиясини узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва ишлаш жараёнини такомиллаштириш бўйича ечимларни жорий этади. Собиқ Иттифоқ даврида фойдаланишга топширилган, эскирган тизимларнинг ўрнини босувчи “Ўзбекистон МЭТ” АЖ марказий ва минтақавий диспетчерлик марказлари учун янги Диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш (SCADA) ва Энергия бошқарув тизимини (EMC) ўрнатишни ўз ичига олади.
Компаниянинг электр энергияси соҳасидаги стратегик ролини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг бизнес жараёнлари, молиявий, операцион ва тижорий кўрсаткичлари, рақамлаштириш ҳамда институционал салоҳиятини ривожлантириш орқали трансформацияни қўллаб-қувватлайди. Бу компаниянинг фаолияти ва режалаштириш функциялари корпоратив бошқарув ва қарор қабул қилиш жараёнлари ҳамда киберхавфсизликни бошқариш бўйича тадбирларни қамраб олади.
Лойиҳа хусусий сектор томонидан ишлаб чиқариладиган қайта тикланувчи энергияни интеграциялаштириш учун узатиш тармоғининг имкониятларини яхшилаш орқали мамлакатни “тоза энергия” га ўтишда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу ҳукуматнинг электр энергиясини карбонсизлаштириш бўйича режаларига ҳисса қўшади. Лойиҳа 1500 МВт қайта тикланадиган энергиянинг электр тармоғига қўшилишини тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлайди, бу эса карбон диоксиди чиқиндиларининг янада камайишига олиб келади. Шунингдек, мамлакатнинг қайта тикланадиган энергетика соҳасига хусусий сармояларни жалб қилишга ёрдам беради.
Лойиҳа бозор тамойиллари асосида операцияларни жорий этиш бўйича дастлабки қадамларни қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистондаги рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш учун асос яратади. Шунингдек, бу Ўзбекистонни Aфғонистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг электр тизимлари билан боғлайдиган электр узатиш инфратузилмасини тиклаш ва кенгайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий электр савдосининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
Лойиҳа Европа ва Марказий Осиё минтақавий салоҳиятини ривожлантириш траст фондининг 350 000 долларлик гранти ва Осиё билан боғланиш ва савдо дастурининг 500 000 долларлик гранти асосида тайёрланган. Бу ҳақда Жаҳон банки бошчилигидаги Энергетика секторини бошқаришга кўмаклашиш дастури томонидан молиялаштирилган “Энергетика сектори стратегиясини тайёрлашни қўллаб-қувватлаш” дастурий техник ёрдами томонидан маълум қилинган эди.
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизмати