Истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётган модернизация ва реконструкция ишлари: 7 июль куни амалга оширилган ишлар — айрим ҳудудлар мисолида.
Республика:
Элeктр таъминотидаги фавқулодда узилишлар бартараф этилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ барча таркибий корхоналари томонидан бу каби муаммоларни бартараф этиш, электр таъминотидаги узилишларни олдини олиш бўйича барча чоралар тезкорлик билан кўрилмоқда.
Андижон вилояти:
Вилоятдаги барча газ тўлдириш шохобчаларига махсус дезинфекция қурилмалари ўрнатилиб, шохобчаларга аҳоли хонадонларидан келаётган барча маиший газ баллонларини махсус воситалар ёрдамида дезинфекция қилиш ва газ тўлдирилган ҳолда хонадонларга юбориш бўйича ишлар ташкил этилди.
Тумандаги куз-қишга тайёргарлик ишлари доирасида мавжуд 388 та газ тақсимлаш қурилмаларининг барчаси тўлиқ техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, режадаги 3,5 км газ қувурларимиз бўёқланган бўлса, 5,5 км газ қувурларимиз ҳаво босими остида синалди ва тозаланди. 6.8 км ер ости газ қувурларимизнинг ҳолати эса махсус асбоб ёрдамида текширилди.
Жиззах вилояти:
Истеъмолчилар учун “ақлли” газ ҳисоблагичларнинг хонадонларга ўрнатилиши билан боғлиқ жараёнлар вилоятининг Дўстлик туманида ҳам изчил амалга оширилмоқда.
Зомин тумани “Дуоба” ҚФЙ ҳудудидаги тоғлар орасида жойлашган Еттикечув қишлоғидаги 21 та хонадонни сифатли ҳамда ишончли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ҳозирги кунга қадар 0,4 ва 10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари учун 115 дона темир-бетон таянч ўрнатилди.
Самарқанд вилояти:
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича Тойлоқ тумани "Боғичинор" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмаси тўлиқ тафтишдан ўтказилиб, бўёқланди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича Тойлоқ тумани "Чароғбон" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган юқори босимли газ тақсимлаш қурилмаси тўлиқ тафтишдан ўтказилиб, бўёқланди.
Тошкент шаҳри:
Сергели тумани, “Саъдий” ҳамда “Қипчоқ” кўчаларидан ўтган Д-530 ммли ер ости газ қувури хавфсиз жойга кўчирилмоқда, ҳамда, газ маромлаш пунктлари таъмирланмоқда.
2021-2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун тайёргарлик ишлари юзасидан пойтахтдаги газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича режадаги 33,9км дан 2 км бажарилди. Газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш режага кўра 121 дона бўлиб, 53 донаси бажарилди. ГТП техник тафтишдан ўтказиш режа бўйича 2931 дона бўлиб, 1098 донаси техник тафтишдан ўтказилди. Газ қувурларини босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари режадаги 202,5 км 100%га бажарилди. Газ қувурларини жорий таъмирлаш ва бўяш ишлари режада 104,8 км бўлиб, 136,3 км 130% га бажарилди.
Наманган вилояти:
Наманган тумани “Бешкапа” МФЙ ҳудудида 900 дона маиший газ баллон сиғимига эга бўлган аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш сервис маркази мавжуд. Жорий йил январь-июнь ойларида ушбу МФЙларга 557,6 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Янги Наманган тумани "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғини "Баҳор" кўчасида темир бетон таяянчлар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бухоро вилояти:
Шофиркон туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661 сонли қарорига асосан электр қурилмаларида қурилиш ва монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Xоразм вилояти:
Хива тумани “Қорқум” маҳалласида “Обод қишлоқ ва обод маҳалла дастурлари” доирасида эски ёғоч устунлар янги 100 та темир бетон таянч устунларига алмаштирилиб, 7 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари реконструкция қилинди ва 9.2 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди. Маҳалладаги 400 кВА қувват билан ишлаётган трансформатор юкламасини камайтириш учун янги 250 кВА қувватга эга трансформатор ўрнатилди.
Қўшкўпир тумани “Уйғур” маҳалласида 56 та эски ёғоч устунни янги темир-бетон таянчларга алмаштирилди ва 6,2 км узунликдаги электр узатиш ҳаво тармоқларини янгидан тортилди. Қуввати 160 кВА бўлган 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 4 та трансформатор пункти мукаммал, 2 таси эса жорий таъмирдан чиқарилди.
Навоий вилояти:
Навоий шаҳридаги 215-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи қуввати 0.4 кВ бўлган ер ости кабель тармоғларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.