Жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири БААнинг “Masdar” компанияси бош директори Муҳаммад Жамил Ал Рамоҳий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Делегация бир кун олдин бўлиб ўтган Ўзбекистон ҳукумати билан иккита қуёш фотоэлектр станциялари (ҚФЭС) бўйича инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш шартномаларини имзолаш маросими муносабати билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
A.Султанов “Masdar” компаниясининг Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган энергетика лойиҳалари учун ўтказилаётган тендерларда доимий равишда фаол иштирок этаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Компаниянинг ана шундай фаол иштироки натижаларидан бири – Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги ҚФЭС лойиҳалари бўйича инвесторларни аниқлашда тендерлар ғолиби сифатида эътироф этилишидир.
Вазир замонавий, мунтазам ривожланиб бораётган энергетика тармоғи бугунги кунда Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш қувватлари, озиқ-овқат саноати, металлургия ва бошқа муҳим иқтисодий соҳалари барқарорлигини таъминлашнинг асоси эканлигини таъкидлади. Шу муносабат билан, мамлакат Энергетика вазирлиги олдига талаб ошиб бораётган электр энергиясини ишлаб чиқариш учун шарт-шароит яратиш вазифаси юклатилган. Бу борада “Masdar” каби етакчи компаниялар ушбу вазифаларни ҳал этишда ишончли ҳамкор ва ёрдамчи бўлиб ҳисобланади.
Учрашувда Муҳаммад Жамил Ал Рамоҳий таъкидлаганидек, Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) каби инновацион йўналишни ривожлантириш учун замонавий ҳуқуқий асос яратди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда ушбу йўналишни ривожлантириш, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш учун ишончли асос бўлиб ҳисобланади.
Учрашув давомида меҳмонларга жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик: Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги кенг кўламли халқаро конференцияси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати