Ўзбекистон энергетика соҳасининг фахрий ходими Мубаракшин Руслан Газизович 59 ёшида вафот этди.
Р. Мубаракшин 1962 йилда таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини 1985 йилда “Энергия” бирлашган диспетчерлик марказида электромонтёрликдан бошлаган. 2001–2017 йиллар оралиғида “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарда турли лавозимларда, 2017-2019 йилларда “Ўзбекэнерго” АЖ бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари, 2019-2021 йилларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси, 2021 йил февралдан ҳозирга қадар “Чирчиқ трансформатор заводи” AЖ бош директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бутун меҳнат фаолиятини энергетика соҳасига бахш этган фидоий энергетик Мубаракшин Руслан Газизовичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Р.Мубаракшиннинг ёрқин хотираси энергетиклар қалбида доимий сақланиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги