Истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётган модернизация ва реконструкция ишлари: 26 июль куни амалга оширилган ишлар — айрим ҳудудлар мисолида.
Фарғона вилояти:
Фарғона вилоятининг Бағдод, Бувайда, Риштон ҳамда Ёзёвон туманларининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи “Марказ” нимстанциясидаги мавжуд куч трансформатори узоқ вақтлардан буён электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши ҳисобига ўта юклама билан ишлаб келаётганди.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ томонидан ушбу нимстанция қуввати оширилди. Нимстанциядаги қуввати 10 000 кВА бўлган куч трансформатори 16 000 кВА бўлган куч трансформаторига алмаштирилди. Бундан ташқари, нимстанциядаги мавжуд электр қурилмаларни таъмирлаш, бўёқлаш, нимстанция ҳудудини эстетик ҳолатини яхшилаш ишлари амалга оширилди.
Навоий вилояти:
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан Нурота тумани, Жарма МФЙ ҳудудида 2021 йил Давлат дастури бўйича 1 та трансформатор пункти олиб келинди ва 18 дона темир бетон таянчлар ўрнатилди.
Бу каби амалий ишлар Нурота туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Кармана туман “Учтепа” МФЙ га 1 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди, 67 дона темир бетон олиб келиниб ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллани электр энергияси билан таъминловчи 10 кВли ҳаво электр узатиш тармоқларида модернизация ва янгилаш ишлари бажарилмоқда.
Наманган вилояти:
Чортоқ туман электр таъминоти корхонаси томонидан “Бешкапа” кичик саноат зонасига темир бетон таянчлар ўрнатиш учун махсус техника воситаси ёрдамида чуқурлар тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Маълумот учун, “Бешкапа” кичик саноат зонасига 50 дона темир бетон таянч ўрнатилиб, 1,5 км масофада 10 кВли электр тармоғи тортилади.
Бугунги кунда Мингбулоқ тумани Қолгандарё маҳалласининг электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича 210 та электр устунлари ўрнатилди, 6.2 км янги электр тармоғи тортилди, 7 та трансформатор мукаммал таъмирланган бўлса, қўшимча 2 та қуввати 250 кВА бўлган янги трансформатор пункти ўрнатилди.
Андижон вилояти:
Хўжаобод тумани “Уч кўча” МФЙ Мактаб ва Боғ кўчасидаги истеъмолчиларнинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида бир дона 63 кВА трансформатор пункти ҳамда 26 дона темир бетон таъянчлар олиб келиб ўрнатилди.
Бундан ташқари, ҳозирда 89 дона темир бетон таянчлар ўрнатилиб 2 км СИП кабел тармоғи тортиш ишлари олиб борилмокда. Эндиликда 175дан зиёд аҳоли хонадонларининг электр таъминоти яхшиланади.
Тошкент вилояти:
“Zangiotatumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан электрон ҳисобдонлар ўрнатилиб, газ етказиб беришнинг икки босқичли тизимига ўтказилган ҳудудлардаги мавжуд ГТНлар демонтаж қилинмоқда.
Шу билан бир қаторда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни қийнаган муаммолар ҳал этилиб, ҳозирда қўшимча 6,5 километр газ қувурлари тортилмоқда.
Сурхондарё вилояти:
Ангор туманида табиий газ истеъмолчилари сони 2 552 та бўлиб, шулардан, 417 таси кўп қаватли ва 2 135 таси ерлик аҳоли хонадонлари ҳисобланади. Бугунги кунгача “Angortumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан 619 та ерлик аҳоли хонадонларига электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилган бўлиб, уларнинг 619 таси “BillingGaz”дастурига уланди.
Маҳаллаларда ўрнатилаётган замонавий ҳисоблагичлар аҳоли орасида қарздорликни янада камайтириш, мавжуд муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Бу борадаги ишлар Ангор туман бўйлаб давом этмоқда.
Жиззах вилояти:
“Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали томонидан вилоятнинг Ғаллаорол туманида ҳам замонавий “ақлли” газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Бундан ташқари ходимларга қулай иш шароитини яратиш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида, бугунги ёзнинг жазирама кунларида соҳа ҳодимлари куннинг салқин яъни, тонг саҳар ҳамда кечки вақтларда ишларни ташкил этмоқдалар.